Жанубий Кореяда охирги кун ичида коронавирус инфекциясининг 142 та янги ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда YONHAP NEWS га асосланиб «Азон» нашри хабар бермоқда.
Шундай қилиб, мамлакатда коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 346 нафарга етди. Сўнгги кунларда касалланиш ҳолатларининг аксарияти жануби-шарқий округ – Чхондо ва Тэгу шаҳрида қайд этилди.
Кореянинг Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказлари (КCДC) маълум қилишича, 142 та янги ҳолатдан 92 таси Чхондодаги Даенам касалхонаси билан боғлиқ бўлиб, у ерда Жанубий Кореяда янги вирусга йўлиққан илк бемор вафот этган. Жума куни иккинчи бемор ҳам вафот этди.
Бугунги кунга қадар касалхонада 108 та вирус инфекцияси қайд этилган. Жамоат соғлиқни сақлаш агентлигининг хабар беришича, 38 та янги ҳолат Сеулдан 300 км жануби-шарқда ва қўшни Шимолий Геонганг провинсиясида жойлашган Тэгу шаҳридаги «Синчеонгжи» деб номланган кичик насронийлик мазҳаби сектаси билан боғлиқ. Маъмурлар Тэгу аҳолисини (у ерда 2,5 миллион киши истиқомат қилади) уйда қолишга ва ҳаддан ташқари эҳтиёжсиз кўчага чиқмасликка чақирдилар.
Пойтахт Сеул шаҳри марказида ўтадиган намойиш тақиқланди. Бугунги кунга келиб, вирус билан касалланган 170 га яқин бемор черков хизматларида қатнашгани маълум бўлди. КCДC, Синчеонгжи сектасининг жами 9336 аъзосини карантиндан ўтказганини айтди. Улар орасида 544 киши вирус текширувидан ўтмоқда. Соғлиқни сақлаш органлари коронавируснинг олдини олиш бўйича қўшимча чораларни ваъда қилишди, чунки потенциал хавфли касаллик бутун мамлакат бўйлаб тез тарқалмоқда.