ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Жиноий гуруҳ қўлга олинди

Жорий йилнинг 16 феврал куни Шўрчи туманида яшовчи Б.Н. туман Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилади. Унда таъкидланишича, 14 феврал кунидан 15 феврал кунига ўтар кечаси номаълум шахслар унинг ҳовлисидан 4 бош қўйларини ўғирлаб кетган.

Шунингдек, “Янгиариқ” маҳалласида яшовчи Т.А. исмли фуқаро ҳам туман Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, 8 феврал кунидан 9 феврал кунига ўтар кечаси ҳовлисидан 1 бош қора молини номаълум шахслар ўғирлаб кетганлигини билдирган.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ва қидирув ишлари натижасида ушбу ўғирликларни содир этганлар топилди. Ўғирлик шу туманда истиқомат қилиб келаётган Ж.С., С.С. ҳамда Ғ.М. исмли шахслар томонидан содир этганлиги аниқланиб, жиноятчилар ушланган. Ўғирланган моллар олиниб, ўз эгаларига қайтарилган.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизматининг маълум қилишича, кўп сонли қора мол ва қўйларни ўғирлаган жиноий гуруҳ аъзолари Ж.С., С.С. ва Ғ.М.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.