ХАБАРЛАР

Афғони дунёдаги энг барқарор валютага айланди – “Insider”

Учинчи чоракдаги энг яхши кўрсаткичлар рублга нисбатан кўтарилган АҚШ долларига эмас, балки  Афғонистоннинг афғонисига тегишли. “Толибон” назорати остидаги валюта 1 июлдан бери АҚШ долларига нисбатан 9 фоизга ўсган. Бу ҳақда “Business insider” нашри хабар берди.

Унга кўра, Афғонистондаги инқирозли вазиятга қарамай, афғони энг барқарор валюталардан бирига айланган.

“Bloomberg” афғони учинчи чоракда 9 фоизга, йил бошидан буён эса 14 фоизга мустаҳкамланганини маълум қилган. Бу эса Колумбия ва Шри-Ланка валюталаридан кейинги энг яхши кўрсаткичдир.

2021 йил август ойида “Толибон” Қобулни қайтариб олганидан бери, аҳолига ички операцияларда АҚШ доллари ва Покистон рупиясидан фойдаланишни тақиқлади. Валюта назоратини ўрнатиб, афғон курсини ошириш мақсадида онлайн савдога чек қўйди.

Иқтисодчилар афғонининг мустаҳкамланишига инсонпарварлик ёрдамлари ва қўшни давлатлар билан савдо ҳажмининг ошиши ҳам таъсир қилганини айтмоқда.

Шунга қарамай, Халқаро Қизил Хоч жамияти яқинда эълон қилинган ҳисоботида Афғонистонда ишсизликнинг кескин ўсиши туфайли мамлакатдаги гуманитар инқироз янада кучайиши тўғрисида огоҳлантирган. 

“Айни пайтда аҳолининг 79 фоизи қашшоқликда яшайди, 44 фоизи эса егулик озиқ-овқатга эга эмас”, дейилган ушбу таҳлилларда.

Жаҳон банки прогнозларига кўра, Афғонистон иқтисодиёти жорий йилдан қисқаришни тўхтатади ва 2025 йилгача 2-3 фоизлик ўсиш кузатилади. Шу билан бир қаторда, ташкилот “Толибон” аёлларга нисбатан репрессияни кучайтираётгани сабабли глобал ёрдамнинг қисқариши хавфи юқори эканини ҳам қайд этган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan