ДУНЁ ХАБАРЛАР

“Толибон” аёллар радиостанциясини очишга рухсат берди

Афғонистондаги Муваққат ҳукумат – “Толибон” мамлакат шимолидаги Бадахшон вилоятида эфирга узатиладиган Sada-e-Banowan (дарий тилидан таржимаси – “Аёллар овози”) аёллар радиостанциясининг фаолиятини қайта тиклашга рухсат берди. Бу ҳақда “TOLOnews” телеканали маълум қилди.

“Биз (“Толибон” томонидан тузилган) ахборот ва маданият департаменти идораси билан боғландик ва қонунбузарликларнинг олдини олишга ҳаракат қилиш мажбуриятини олдик”, дейди радиостанция раҳбари Нажиа Сорош.

Бадахшон Журналистларини ҳимоя қилиш қўмитаси раҳбари Моҳибулла Саидийга кўра, аёллар орасида радио тингловчилар эркакларникига қараганда кўпроқ бўлиб, Бадахшон аҳолиси учун аёллар оммавий ахборот воситалари зарур.

Вилоят ахборот ва маданият бошқармаси бошлиғи Моазуддин Аҳмадийнинг айтишича, радиостанция мусиқа чалаётгани ва ходимлари орасида эркаклар ҳам бўлгани учун бир ҳафта олдин ёпилган.

“Улар(Sada-e-Banowan раҳбарияти) бу икки жиҳатни назорат қилишни ўз зиммаларига олди. Биз бугун бу ерга келдик ва уларнинг радиостанциясини қайта очдик. Уларда самарали эфир бўлади ва бу ерда кўплаб аёллар ишлайди”, дейди Аҳмадий.

Қайд этилишича, ҳозирда Бадахшон вилоятида иккита телеканал ва 10 та радио ишламоқда. Ушбу оммавий ахборот воситаларидан иккитаси аёллар томонидан бошқарилади.

2021 йил августида ҳокимиятни қўлга киритгач, “Толибон” оммавий ахборот воситалари ишини сезиларли даражада чеклаб, аёллар ҳуқуқларини поймол қила бошлади ва мусиқани омма олдида ижро этишни тақиқлади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan