СПОРТ

Ханчжоу-2022. Ўзбекистонлик спортчилар бугун нечта медални қўлга киритди?

25 сентябрь куни Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида Осиё ўйинларининг навбатдаги куни ўз ниҳоясига етди. Кун давомида Ўзбекистон вакиллари 15 та спорт тури бўйича баҳсларга киришиб, якунда делегация ҳисобига 3 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўшиб қўйди.

Олтин медаль

  • Ўзбекистонга куннинг илк олтин медалини академик эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасида кечган яккалик баҳсида ғолиб бўлган Анна Пракатен тақдим этди;
  • Мусобақанинг М4 дастурида иштирок этган ўзбекистонлик эшкакчилар – Шеҳроз Ҳакимов, Давр Давронов, Дилшод Худойбердиев ва Алишер Турдиев ҳам маррага биринчи бўлиб етиб келди ва куннинг иккинчи олтин медалини қўлга киритди;
  • Дзюдо бўйича -73 кг вазн тоифасида ғолиблик учун курашган Муроджон Йўлдошев ҳал қилувчи беллашувда япониялик Соичи Ҳашимотони вазари баҳоси билан енгиб, Ўзбекистон учун навбатдаги олтинни келтирди. 

Кумуш медаль

  • Академик эшкак эшиш бўйича М4х дастурида Шаҳзод Нурматов, Шаҳбоз Холмирзаев, Меҳрож Маматқулов ва Собиржон Сафаралиев квартети марра чизиғини иккинчи бўлиб босиб ўтди ва кумуш медалга эга чиқди. Мазкур стартда олтин медаль Хитой, бронза эса Ҳиндистон жамоаларига насиб этди.

Бронза медаль

  • Дзюдо бўйича -70 кг вазн тоифасида Гулноза Матниёзова бугунги иштирокини марокашлик спортчини енгиш билан бошлади. Шунингдек, чорак финалда Эрон вакилини ҳам иппон баҳоси билан мағлуб этди. Аммо ярим финалда шимолий кореялик спортчига ютқазиб қўйди. Бронза медали учун кечган баҳсда эса Хитой Тайпейи вакилини енгиб, Ўзбекистон ҳисобига навбатдаги медални қўшиб қўйди;
  • Таэквондо WТ бўйича -49 кг вазн тоифасида Мадинабону Маннопова баҳсларга 1/16 финал босқичидан киришиб, дастлаб Макао вакилини енгди. Кейин эса вьетнамлик спортчидан устун келди, аммо ярим финалда Таиланд вакилига ютқазди ва бронза медаль билан кифояланди;
  • Ушбу спортнинг аралаш жамоавий беллашувларини ғалаба билан бошлаган Шуҳрат Салаев, Жасур Жайсунов, Озода Собиржонова ва Светлана Осиповалар ярим финалда Жанубий Корея вакилларига 47:48 ҳисобида ютқазиб, бронза медалини қўлга киритди.

Бу орқали Ўзбекистон делегацияси жами 14 медаль (4 тадан олтин ва кумуш, 6 та бронза) жамғарган ҳолда умумий рейтингнинг 4поғонасини банд этиб турибди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan