ЎЗБЕКИСТОН ХАБАРЛАР

Депутатлар Тошкентда гул экиш учун 12 миллиард сўм ажратилишини маъқуллади

Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши жорий йилда пойтахтда гул экиш учун 12 миллиард сўм ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда кеча, 19 сентябрь куни кенгаш сессиясида қарор қабул қилинди.

Айтилишича, шаҳарда мавсумий гуллар экиш билан боғлиқ харажатлар учун 6,2 миллиард сўм, гул кўчатлари экиш учун туман ободонлаштириш бўлимларига яна 5,8 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиши маъқулланган. 

Шунингдек, Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги ихтисослаштирилган бошқармалар томонидан 3,7 миллиард сўм ажратилиши белгиланган. Бунда автотранспорт воситалари ва ишчи ходимлари билан тасарруфидаги ободонлаштириш объектларини сақлаш, механик усулда ва қўл кучи билан тозалаш, сув сепиш, куз мавсумида хазонрезги даврида кўчаларни тозалаш, қиш мавсумида қум-туз қоришмасини сепиш, қор уюмларидан тозалаш, уларни олиб чиқиб кетиш, кўкаламзорлаштириш ҳамда ободонлаштириш ишлари ва ишлаб чиқариш эҳтиёжлари ҳамда ёнилғи маҳсулотлари нархлари кўтарилгани инобатга олингани қайд этилган. 

Бундан ташқари, Юнусобод туманидаги Обод маҳалласи ҳудудидаги муҳандислик тармоқлари ва ички йўлларни таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича танлов (тендер) ўтказиш учун 1,49 млрд сўм ҳамда Юнусобод маҳалласи ҳудудини ободонлаштириш лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун яна 210 миллион сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.

“Тошкент шаҳар ҳокими юқоридаги харажатлар учун шаҳар маҳаллий бюджетининг 2023 йилда шаклланган қўшимча манбалари ҳисобидан маблағлар тақсимлаш юзасидан қарор қабул қилсин”, дейилган ушбу ҳужжатда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan