Uncategorized

Генерал Александр Шишлянников оғир касалликдан кейин 73 ёшида вафот этди

2023 йил 15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ҳарбий илмий-амалий ишлаб чиқиш маркази катта илмий ходими, ҳарбий фанлар номзоди, профессор, истеъфодаги генерал-майор Александр Владимирович Шишлянников оғир касалликдан кейин 73 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар қилди.


А.В.Шишлянников 1950 йил 3 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган.
1971 йил Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртини тамомлагандан сўнг, Чехословакиядаги Марказий қўшинлар гуруҳи ва Германиядаги Ғарбий қўшинлар гуруҳи қисмларида хизмат қилган. 1993-1995-йилларда Тожикистон Республикаси мудофаа вазири лавозимида фаолият юритган.


У бутун умрини Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишга бағишлади.
30 йилдан ортиқ ҳақиқий ҳарбий хизмати давомида Александр Владимирович унинг барча босқичларини босиб ўтди: танк билим юрти курсантидан тортиб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясининг тезкор санъат ва умумий тактика кафедраси бошлиғигача, Тожикистон Республикасининг биринчи мудофаа вазири, лейтенантдан-генералгача.
У 70 дан ортиқ илмий ва услубий ишлар муаллифи бўлиб, Қуролли Кучларнинг 20 дан ортиқ офицерларига илмий раҳбарлик қилган.


Кўп йиллик ҳалол, виждонан хизмати ва меҳнати учун Александр Владимирович юксак давлат мукофотлари, жумладан 3 та орден ва 50 дан ортиқ медал ҳамда эсдалик нишонлари билан тақдирланган. Мамлакатимиз Қуролли Кучларининг жанговар тайёргарлигини оширишдаги хизматлари, ҳарбий фанни шакллантириш ва ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун 2019 йилда Александр Владимирович Шишлянников Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.


Александр Владимировични сўнги манзилга кузатиш бугун, 16 сентябрь куни соат 11.00 да Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, манзил: Чирчиқ шаҳри, Амир Темур кўчаси-15 (Тошкент вилояти)да бўлиб ўтади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan