СПОРТ

Францияда осон бўлмайди: Абдуқодир Ҳусанов энг кам – 19 дақиқа ўйнади!

Янги мавсумдан эътиборан, ўзбекистонлик футбол ишқибозлари Франция чемпионатини алоҳида эътибор билан кузатади. Авваллари, ҳамюртларимизнинг аксарияти Лионель Месси, Неймар, Килиан Мбаппе каби жаҳон футболи юлдузлари учун Лига1 ўйинларини томоша қилган бўлса, энди ҳаммамиз “Ланс” тарафдорига айланамиз.

Чунки ўтган мавсумда ПСЖдан атиги бир очко ортда қолиб, вице-чемпион мақомини олган “Ланс” Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни ўз таркибига қўшиб олди. 19 ёшли Абдуқодир кучли бешлик лигаларига кирувчи Франция юқори дивизионига йўл олган биринчи ўзбек футболчиси сифатида тарихга кирди. 

20230724_arrivee_mercato_rclens_khusanov_abdukodir_3

Бошланаётган мавсумда “Ланс” ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган. Улар миллий биринчиликда чемпионлик ва Европа Чемпионлар лигасида юқори натижа кўрсатишни истаяпти. Шу боис, трансфер бозорида анча фаол ишлашди. Кетганлар ҳам, келганлар ҳам кўп бўлди.

Ярим ҳимоячилардан Морган Гилавоги, Анди Диуф ҳамда Ғимоячи Абдуқодир Ҳусанов трансферларига лансликлар пул сарфлади. Яна тўрт нафар ярим ҳимоячи ҳам “Ланс” билан ҳамкорлик ўрнатди.

“Ланс” ўз етакчиларидан бир нечтасини сотиб юборди. Жан Онана “Бешиктош”га, Секо Фофана “Ан-Наср”га, Лои Опенда “Лейпциг”га трансфер қилинди. Яна беш нафар ўйинчи клуб билан хайрлашиб, ўзига бошқа жамоа топишига тўғри келди.

Мавсумолди тайёргарлик жараёнида бош мураббий Франк Хейз жамоанинг ўйин амалиётини оширишга алоҳида эътибор қаратди. “Ланс” футболчилари жами еттита ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Натижа чакки эмас: иккита ғалаба, тўртта дуранг ва битта мағлубият.

“Ланс” вакиллари Франция жамоаларидан  “Сошо”ни 3:0, “Дижон”ни 2:0 ҳисобида енгди. Уй учрашувларидан “Дюнкерк” ҳамда “Амьен”га қарши баҳслар 4:4 ҳамда 2:2 ҳисобида якунланди. Италиянинг “Торино”си билан бўлган ўйинда ҳисоб очилмади. Шунингдек, жамоа Германиядан “Вольфсбург” билан 1:1 ҳисобидаги дуранг билан қайтди.

Сўнгги – “Олд Траффорд”даги ўйинда “Манчестер Юнайтед” футболчилари “Ланс” устидан 3:1 ҳисобида зафар қучди.

“Ланс” сафига охириги бўлиб қўшилган Абдуқодир Ҳусанов фаолиятида илк бор кучли бешлик лигаларида ўйнаётган катта жамоаларга қарши тўп тепди. 19 ёшли ҳимоячимиз “Вольфсбург”, “Торино” ва “Манчестер Юнайтед” футболчиларига билан беллашди.

Бироқ, истеъдодли ёш футболчимиз “Ланс” вакиллари орасида ўртоқлик беллашувларида вақт ҳисобида энг кам ҳаракат қилган ўйинчи бўлди.

“Ланс” клуби фаолиятини мунтазам ёритиб келаётган манбалардан бири – https://le11hdf.fr сайти экспертлари ўртоқлик учрашувларда қатнашган футболчиларнинг майдонда ўтказган вақтларини ҳисоблаб чиқди. Энг кўп ўйнаган ўйинчи сифатида 392 дақиқа ҳаракат қилган Энди Диуф қайд этилган. Бу борада энг камтар кўрсаткич Ҳусановда – 19 дақиқа.

Шунга қарамай, бош мураббий Франк Хейз ўзбек легионери жуда кам ўйнаган бўлса-да, салоҳияти юқори эканини кўрсата олганини алоҳида эътироф этгани аҳамиятли.  

“Ланс” футболчиларининг майдонда ўтказган вақти статисткаси қуйидагича кўриниш олди:

  1. Энди Диуф: 392 дақиқа
  2. Джонатан Градит: 382 дақиқа
  3. Адриен Томассон: 377 дақиқа
  4. Флориан Сотокава Кевин Дансо: 376 дақиқадан
  5. Анджело Фульджини: 358 дақиқа
  6. Брис Самба ва Факундо Медина: 348 дақиқадан
  7. Давид Перейра да Кошта: 330 дақиқа
  8. Морган Гилавоги: 310 дақиқа
  9. Пшемислав Франковски: 296 дақиқа
  10. Салис Абдул Самед: 293 дақиқа
  11. Стейн Спирингс: 287 дақиқа
  12. Дейвер Мачадо: 273 дақиқа
  13. Жюльен Ле Кардинал: 270 дақиқа
  14. Массадио Хайдара: 252 дақиқа
  15. Нил Эль-Айнауи: 213 дақиқа
  16. Жан-Луи Лека ва Асанда Сишуба: 182 дақиқадан
  17. Уэсли Саид: 166 дақиқа
  18. Нолан Бонте: 163 дақиқа
  19. Фоде Силла: 155 дақиқа
  20. Исмаэло Ганиу: 123 дақиқа
  21. Оскар Кортес: 117 дақиқа
  22. Янник Пандор: 65 дақиқа
  23. Лукаш Пореба: 25 дақиқа
  24. Абдуқодир Ҳусанов: 19 дақиқа   
ff8df853b8a310ac77fc75e187f0b11b

Франция олий дивизионига 11 август куни “Ницца” ва “Лилль” ўйини билан старт берилади. “Ланс” биринчи тур учрашувини 13 август куни сафарда “Брест” жамоасига қарши ўтказади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan