ХАБАРЛАР

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Сингапур билан ҳамкорлик қилинади

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Сингапурга амалий ташрифи амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати хабар берди.



Маълум қилинишича, ташриф Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ) нинг «Самарали давлат бошқаруви» лойиҳаси доирасида Агентлик томонидан Сингапурнинг Коррупция амалиётларини тергов қилиш бюроси билан ҳамкорликда ташкил қилинган.

Делегация таркибига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлили, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари киритилган.

Ташрифдан асосий мақсад — икки давлат коррупцияга қарши курашиш идоралари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Сингапурнинг соҳадаги илғор тажрибаси билан яқиндан танишиш ва мақбул ечимларини миллий амалиётга татбиқ этишдан иборат.

Сафар доирасида Сингапур Бош прокуратураси, Коррупция амалиётларини тергов қилиш бюроси, PSB Академияси, Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар режалаштирилган.

Маълумот учун: Сингапур коррупцияга қарши курашиш соҳасида илғор тажрибага эга бўлиб, тегишли рейтинглар бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллаган давлат ҳисобланади. Хусусан, Transparensy International халқаро ноҳукумат ташкилотининг 2022 йил якунлари бўйича Коррупцияни қабул қилиш индексида Сингапур 180 та давлат орасида 5-ўринни эгаллаган.

Таъкидланигича, ташрифнинг биринчи куни Сингапурнинг Коррупция амалиётларини тергов қилиш бюроси ва Бош прокуратура вакиллари билан учрашув ташкил этилиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва уни амалга ошириш, бу борада аксилкоррупция бюроси ва прокуратура органларининг роли, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш тизими каби қатор муҳим масалаларда музокаралар ўтказилган.
Учрашув сўнгида томонлар ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш ва мунтазам тажриба алмашиш амалиётини йўлга қуйиш юзасидан келишувга эришдилар.

Ташрифнинг биринчи куни делегация аъзолари шунингдек, Сингапур Туризм менежменти институти вакиллари билан учрашиб, Ўзбекистонда давлат хизматчиларини ўқитиш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар, дейилади хабарда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan