ЖАМИЯТ

АДОЛАТ ТАНТАНАСИ: Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судида оқланган Ғуломжон Расулов ва унинг ҳимоячисининг одил судлов ҳақидаги фикрлари

Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судининг 2023 йил 18 июль кунидаги ҳукмига кўра, Расулов Ғуломжон Нормаматович Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандларидаги жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, у суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят-Процессуал Кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан оқланган.

Иш ҳужжатларига кўра, дастлабки тергов органи томонидан Ғ.Расулов 2019 йилнинг июнь ойида “е-аукцион” тизими орқали турмуш ўртоғи Садаева Гулбаҳор Холтураевнанинг эгалигига Термиз шаҳар “Шифокорлар” маҳалласи, “Марғилон” кўчаси, 11б-уйда жойлашган, Расулов Холмирза Шавкатович томонидан кредит маблағлари учун АТ “Халқ банки” Термиз шаҳар филиалига гаровга қўйилган кредит маблағлари тўланмаганлиги сабабли сотувга чиқарилган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биносини 108.000.000  сўмга сотиб олиб, 2020 йил 5 ноябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг қарори билан ушбу аукцион савдоси ҳақиқий эмас деб топилиб бино эгасига қайтарилганидан сўнг, алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида Х.Расуловнинг отаси Ш.Зоировни АТ “Халқ банки” Термиз шаҳар филиалидан ўзига тегишли бўлган 108 млн сўм пулларни қайтариб олмаслигини ва ушбу пуллар Х.Расуловнинг кредит қарздорлигини қоплашга йўналтиришини айтиш орқали ишонтириб, уни алдаб, бунинг эвазига Ш.Зоировдан 2020 йилнинг ноябрь ойида 14.000 АҚШ доллари (Ўзбекистон Республикаси миллий валютасининг 30.11.2020 йилдаги сўмга нисбатан қийматига кўра  1 АҚШ доллари 10.414.86 (ўн минг тўрт юз ўн тўрт сўм саксон олти тийин) сўмни ташкил этган) миқдордаги пулларини қўлга киритиб, АТ “Халқ банки” Термиз шаҳар филиалидан аукцион орқали тўлаган 108.000.000 сўм пулларини ҳам қайтариб олиб, Ш.Зоировга жами ҳисобда 145.808.040сўм миқдорда моддий зарар етказганликда айбланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасида, “Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади” деб белгиланган.

Бироқ, дастлабки тергов органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Қонун талабларига ва Пленум қарорлари тушунтиришларига риоя этилмасдан, Ғ.Расуловни асоссиз равишда фирибгарлик жиноятини содир этганликда айблаган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси диспозициясига кўра, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритганда жиноий жавогарликни келтириб чиқаради.

Ушбу жиноят ишида Ғ.Расуловнинг фуқаро Ш.Зоировга АТ “Халқ банки” Термиз шаҳар филиалидан ўзига тегишли бўлган 108.000.000 сўм пулларни қайтариб олмаслигини ва ушбу пуллар ўғли Х.Расуловнинг кредит қарздорлигини қоплашга йўналтиришини айтиш орқали ишонтирганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас.

Чунки, Ғ.Расулов фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2020 йил 5 ноябрдаги ҳал қилув қарорига нисбатан шикоят қилмаслик эвазига Ш.Зоировдан 14.000 АҚШ доллари олган ва у Ж.Расулов орқали Ш.Зоиров билан тузган оғзаки келишувга кўра, ўзига олган мажбуриятни бажарган.

Суд, суд мажлисида давлат айбловчисининг хулосасини, судланувчи, фуқаровий даъвогар ва гувоҳларнинг кўрсатувини тиклаб, адвокатнинг ҳимоя фикрини тинглаб, жиноят ишидаги тушунтириш хатлари, ариза, сўроқ баённомалари ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган судда ишончлилиги текширилган далиллар мажмуи билан судланувчи Ғ.Расуловни фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбсиз деб топишни ва оқлов ҳукми чиқаришни лозим топди.

Бундан ташқари, суд томонидан Ғуломжон Расуловга реабилитация қилиниши муносабати билан унга етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш оқибатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда даъво билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Ғуломжон Расулов тергов органи томонидан ҳеч бир сабабсиз айбланаётганлигини билгани боис, суддан адолат излайди. Ўтган давр мобайнида ўтган ўй-кечинмалари ва адолат излаб суддан ижобий хулоса кутишлари бехуда кетмади.

Асқар Қудратов,Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультанти

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan