ЖАМИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

«Ўлим лойиҳаси»: Тез орада Сурхондарё ва Бухорода 70 мингга яқин дарахт илдизи билан кесиб ташланиши хабар қилинди

Тез орада Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида қуриладиган автомобиль йўли сабаб умумий ҳисобда 70 мингга яқин дарахт илдизи билан кесилиши мумкин. Бу ҳақда журналист Илёс Сафаров Сурхондарё вилоят ҳокимлигидаги танишидан эшитгани ҳақида айтиб, телеграмдаги саҳифасида хабар қолдирди.

«Ҳозиргина эшитган бир хабаримдан даҳшатга тушдим. Унинг айтишича, тез орада Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида қуриладиган автомобиль йўли сабаб умумий ҳисобда 70 мингга яқин дарахт илдизи билан кесилиши мумкин экан», – дейди Сафаров.


Бунда жумладан, Бухорода 23 мингдан, Сурхондарё вилоятида эса 45 мингдан ортиқ дарахтни йўқ қилиш бўйича режа мавжуд ва лойиҳа аллақачон ҳукуматга топширилган. Ишлар августдан, тезлаштирилган тартибда бошланиши кутилмоқда, деган унинг ҳокимликдаги таниш манбаси.

«Очиғини айтаман, ҳокимлик вакилидан эшитган хабаримни ҳозирча расмий бошқа идоралардан текшириш имкони бўлмади. Хабар шунчалик қўрқинчли бўлгани учун ҳам бу ҳақда тезроқ ёзишга қарор қилдим. Агар у ёлғон бўлса, тузатилган хабарни қайта эълон қилиш ёки бошқа тарзда жавоб беришга розиман. Аммо агар ҳукумат шундай лойиҳага эга бўлса ва ёки у амалга ошса, эслаб қолинг, бу Ўзбекистон учун чинакамига «Ўлим лойиҳаси» бўлади.

Биз шусиз ҳам дунёда экология муаммоларидан энг кўп азият чекаётган минтақага айланиб бормоқдамиз. Бир туп дарахтни ўстириб олиш минг азоб бўлган икки ҳудудда 70 минг дарахт кесилиши эса инқирозимизни янада тезлаштириб юборади. Бундан бошқа юзлаб хавфли оқибатлар ҳақида ўйлаш ҳам қўрқинчли.
Мен жамоатчиликни вазиятга бефарқ бўлмасликка, уни диққат билан кузатиб боришга ва лойиҳа ҳақида қандайдир хабар пайдо бўлгудек бўлса, унга қарши бирлашишга чақираман. Бизни ўлдиришларига рози бўлмайлик», – жея жамоатчиликка мурожаат қилмоқда журналист.


LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan