ЎЗБЕКИСТОН

Бир кунлик амалдор: Навоий шаҳри Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи яна ишдан кетди

Навоийда давлатнинг 1 млрд сўмдан ортиқ маблағини талон-торож қилган Юсуф Турсунов яна Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимига қайтгани ҳақида хабар берилган эди. Тайинловдан бир кун ўтиб у лавозимидан озод этилди.

Юсуф Турсунов Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида лавозимида ишлаган даврида давлатнинг 1 миллиард 53 миллион сўм миқдоридаги маблағини талон-торож қилган. 2021 йилда суд қарори билан у 1 йил 6 ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилган.

2023 йил 21 июнь куни Навоий шаҳри ҳокими Муратхан Эгамқулов имзолаган қарор билан у яна бошқарма бошлиғи лавозимига қайтганди.

22 июнь куни эса Юсуф Турсунов “ўз хоҳишига кўра” ушбу лавозимдан озод этилгани тўғрисидаги ҳоким қарори имзоланди.

Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан Навоий вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан хизмат ўрганиши ўтказилди. Ўрганиш натижасида, кадрларни раҳбарлик лавозимига тайинлашда камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан интизомий чора қўлланилиши белгиланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan