Uncategorized ЎЗБЕКИСТОН

Тошкентда Туркия ОТМ филиали очилади

Туркия Иқтисодиёт ва Технологиялар университетининг Тошкент филиали шу йилнинг сентябрь ойида ўз эшикларини очади.

2020 йил 27 июлда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида видеоконференция шаклида Туркия иқтисодиёт ва технология Университетининг Тошкент филиалига талабаларни қабул қилиш масаласи бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон томонидан: Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Раиси А.Икромов, Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси А.Агзамхўжаев, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатни назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У. Ташкенбаев ва ТДИУ ректори К. Шарипов қатнашдилар.

Туркия томонидан Туркия савдо палаталари ва биржалар иттифоқи Президенти Рифат Хисарджиклиоглу, Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Мехмет Сурайя, ССП Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Адем Кула, «ТОББ» Туркия савдо палаталари ва биржалар иттифоқи қошидаги «ТОББ» Туркия иқтисодиёт ва технология университети ректори, шунингдек, қўшма ўзбек-турк CСП раиси Осман Саҳман иштирок этдилар.

2020 йил 17 июнда Вазирлар Маҳкамасининг 389-сонли қарори билан «Тошкентда Туркия иқтисодиёт ва технология TOBB ETU Университетининг филиалини очиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Университет филиали пойтахтда жойлашган бўлиб, дуал таълим тизимига асосланган бизнес ва тадбиркорлик йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлайди. Таълим уч триместрга бўлинади. Талабалар ўқиш давомида турли мамлакатларда амалиёт ўташ, дунёнинг етакчи компаниялари, шунингдек Туркиядаги таниқли тадбиркорларнинг фаолияти билан танишиш учун ажойиб имкониятга эга бўладилар.

Университет фаолиятининг ўзига хослиги ўқув режаларининг ДУАЛ таълимга асосланган уч семестрлик ўқув жараёни ҳисобланиб, таълим олувчиларга 2 семестр давомида назарий билимлар билан бир қаторда 3чи семестрда амалий кўникмалар шаклланиши мувозанатлаштирилган. Университетнинг ушбу хусусияти унинг Туркия таълим тизимида алоҳида ўрин тутишини таъминлаган.

Талабалар Туркияга саёҳат қилиш учун ажойиб имкониятни қўлга киритадилар. Учинчи триместрда улар Туркиянинг етакчи компаниялари ва таниқли тадбиркорларнинг фаолияти билан танишадилар, шунингдек, электротехника соҳасидаги йирик корхоналарда, Туркиядаги тўқимачилик ва мева-сабзавот кластерларида амалиёт ўтайдилар. Амалий машғулотлар давомида барча талабалар озиқ-овқат ва турар жой билан таъминланадилар.

Шунингдек, иқтидорли ва кам таъминланган талабалар учун Туркия савдо палаталари ва биржалар иттифоқи ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан бериладиган бир қатор имтиёз ва афзалликларни таъкидлаш жоиз.

Ушбу университет талабалари учун дарслари инглиз тилида олиб борилади. Шунингдек, улар қўшимча: турк, француз, немис ва хитой тилларини ўрганадилар.

Ўқиш қиймати $ 4 000 (ўқув йилининг 3 триместрида талабалар Туркия давлатига юборилади) ташкил этади. Биринчи курслар учун грантлар мавжудлигини хам таъкидлаш жоиз. Қолаверса, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан иқтидорли талабаларга $ 750 миқдорида пул маблағ ажратади ва шу орқали ўқиш пули $ 3 250 ни ташкил этади.

Филиал ўз фаолиятини 14 сентябрда иккита таълим йўналиши бўйича бошлайди:

  • Электрон тижорат ва технологияларни бошқариш;
  • Халқаро бизнес ва тадбиркорлик.

2020-2021 ўқув йилида ўқиш истагида бўлган абитуриентлар ҳаволада келтирилган ариза шаклини тўлдириш орқали мурожаат этишлари мумкин: http://cc.uz/16613

Кириш имтиҳони 2020 йилнинг 15 август санасида бўлиб ўтади.

Маълумотларда коронавирус пандемиясининг ҳозирги ҳолатини ҳисобга олган ҳолда баъзи ўзгаришлар бўлиши мумкин, деб хабар беради ССП матбуот хизмати.

Ғайрат ЭГАМНАЗАРОВ

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan