ЎЗБЕКИСТОН

Истеъмолга яроқсиз товарларни сотаётган савдо объектлари аниқланди — рўйхат

Республиканинг 11 та ҳудудидаги дўконларда сертификатланмаган, сақлаш муддати ўтиб кетган маҳсулотлар савдосига чек қўйилган.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлаш мақсадида республика бўйича сертификатланмаган, сақлаш муддати ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларни сотаётган савдо объектларида мониторинг ишлари олиб борилган.

Жумладан:

Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги савдо дўконида 877 500 сўмлик яроқлилик муддати ўтиб кетган озиқ-овқат маҳсулотлари борлиги, бундан ташқари, ишлаб чиқарилган жойи, манзили ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ширинликлар ва ветеринария маълумотномаси мавжуд бўлмаган гўшт маҳсулотлари сотилаётгани маълум бўлган.

Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани «Деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудидаги савдо дўконларида сотувга қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари ўрганилганда бир нечта маҳсулотларда, яъни, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, колбаса ва пишлоқлар, сарёғ, қандолатчилик маҳсулотлари, салқин ичимликлар ва консерва маҳсулотларида ишлаб чиқарилган саналари, яроқлилик муддатлари, айрим колбаса маҳсулотларининг қадоғида эса маҳсулот ҳақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмаслиги кузатилди.

Бухоро вилоятидаги озиқ-овқат чакана савдо дўконида 4.8 кг.лик ёғ маҳсулоти (20 дона), шоколад, газсиз сув, колбаса ва сосиска маҳсулотлари, «Морс» ичимликларининг яроқлилик муддати ўтганлиги маълум бўлган.

Жиззах вилоятида қассобчилик фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркор Зиёвуддинов Фаррухга тегишли қассобхонада ўрганиш ўтказилганда қассобхонада мавжуд музлатгичда жами 4 кг 650 гр миқдордаги яроқсиз гўшт маҳсулоти сотиш учун сақланаётганлиги, шунингдек, қассобхоналарда фойдаланилаётган тарози оғирлик ўлчов воситаларининг қиёслов кўригидан ўтказилмаганлиги аниқланган.

Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 6 та чакана савдо субъектида ва 1 та сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехида ўтказилган жамоатчилик назорати мониторинги натижасида жами 35 турдаги 1 445 500 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳамда Косон туманида жойлашган 6 та савдо субъектида ва 2 та миллий ширинликлар ишлаб чиқариш цехида жами 50 турдаги 2 686 500 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддати ўтган ҳолда савдода мавжудлиги кузатилган.

Навоий вилояти Хатирчи туманидаги савдо дўконида акциз маркаси мавжуд бўлмаган сигарет сотилаётганлиги ва зираворнинг яроқлилик муддати 1 йил ўтиб кетганлиги, кефир маҳсулотларининг қадоғида ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаганлиги маълум бўлган.

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги савдо дўконида контрафакт товарлари мавжуд эмаслиги аниқланган. Шоколад, лапшалар ва ичимлик маҳсулотларининг яроқлилик муддати ўтиб кетганлиги аниқланган.

Самарқанд вилояти Пастарғом тумани ҳудудида жойлашган дўконда харид чеки умуман берилмаётганлиги, назорат касса машинаси, банк терминали ҳамда истеъмолчи бурчаги мавжуд эмаслиги аниқланган. Шунингдек, ишлаб чиқарувчи маҳсулотларининг сақланиш ҳолатлари ва қоидаларига риоя қилинмаган. Сотувда яроқлилик муддати кўрсатилмаган маҳсулотлар ҳам мавжуд.

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги савдо дўконида яроқлилик муддати 2023 йил 13 май кунидан ўтиб кетган шоколад сотилаётганлиги кузатилган.

Фарғона вилояти Тошлоқ тумани ҳудудидаги савдо дўконида 89 та ҳолатда аҳолига реализация қилинаётган, умумий қиймати 7 757 500 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларининг аксарият ҳолларда, яроқлилик муддати кўрсатилган бўлсада, ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган ҳолда сотилаётганлиги, 11 та ҳолатда умумий қиймати 1 052 000 сўмлик, яроқлилик муддатлари ўтиб кетган маҳсулотларнинг мавжудлиги кузатилган.

Хоразм вилояти Хазорасп тумани, Навоий кўчасида жойлашган савдо дўконида сут маҳсулотлари, ширинлик, гўжа ва сметанада ишлаб чиқарилган жойи ва санаси кўрсатилмаганлиги кузатилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan