ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Сурхондарёда фуқаро ИИО ходимига болта билан ҳужум қилди

Фуқаро маҳалла раисининг хонадонига маст ҳолатда бостириб кириб, маиший муаммоларини рўкач қилган ҳолда жанжал кўтарган.

Жорий йилнинг 30 май куни соат 16:00 атрофида Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани «Ҳамкорлик» маҳалласи раисининг яшаш уйига, ушбу маҳаллада яшовчи 1976 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган, гиёҳванд шахс сифатида профилактик назоратга олинган А.И., маст ҳолда бостириб кириб, маиший муаммоларини рўкач қилган ҳолда маҳалла раиси ва уйда бўлган оила аъзоларининг тинчлигини бузиб, жанжал кўтарган.

Воқеа жойига етиб келган маҳалла профилактика инспектори тартиббузар фуқаро воқеа жойидан номаълум томонга қочиб кетганлигига гувоҳ бўлган.

Олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида, шу куни соат тахминан 19:00 атрофида А.И. ўз уйига қайтиб келганлиги аниқланиб, у билан профилактик суҳбат ўтказиш ҳамда маҳалла раисига нисбатан содир этган ҳуқуқбузарлик ҳолатини расмийлаштириш мақсадида тартиббузарнинг хонадонига борган ходим, хонадон эгасининг кескин қаршилигига учраган.

Хонадон эгаси, болта билан профилактика инспекторига ҳужум қилиб, унинг чап қўл тирсагини яралаганига қарамасдан, жисмоний куч ишлатилиб, ҳуқуқбузар зарарсизлантирилган. Бу ҳақда ИИВ Ахборот хизмати хабар берди.

Шундан сўнг, ходим хонадон қўшнилари ва воқеа жойига етиб келган ҳамкасблари ёрдамида шифохонага етказилган. Тиббий кўрик натижасида чап тирсак пастки қисми суякларининг очиқ синганлиги ва қон томирларининг кесилиши оқибатида кўп қон йўқотганлиги аниқланиб, тезкорлик билан тегишли муолажалар кўрсатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Сариосиё тумани прокуратураси томонидан тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда қамоққа олинган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan