ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

ИИВ Тошкент вилоятида ЙПХ ходимлари ҳайдовчини уриб ўлдиргани айтилган хабарга муносабат билдирди

Маълум қилинишича, 20 май куни туманнинг Ўзар қишлоғи ҳудудидан ўтган Нурафшон–Оҳангарон автомобиль йўли 52 километрида Оҳангарон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган «ВАЗ-2121» русумли автомашина ЙҲХБ инспекторлари томонидан текшириш учун тўхтатилган. Унда ҳайдовчи — 1995 йилда туғилган Ғ.Ш.нинг автотранспорт бошқариш учун меъёрий ҳужжатлари йўқлиги аниқланган.

Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) 1-қисми билан электрон маъмурий баённома расмийлаштирилган. Автотранспорт воситасини эса вақтинчалик жарима майдонига жойлаштириш учун Оҳангарон тумани Ойбулоқ қишлоғи ҳудудида ЙҲХБ инспектори бошқарувида ҳаракатланиб кетаётганида олд ўриндиқда ўтирган фуқаро Ғ.Ш. автотранспорт эшигини очиб, ўзини автомашинадан ташлаб юборган. ЙҲХБ инспекторлари томонидан фуқаро Ғ.Ш.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига етказилганда унга бош мия очиқ жароҳати, бош мияга қон қуйилиши оғир ҳолати, бош мия силжиши ташхиси қўйилган.

6 июнь куни соат 23:00 ларда фуқаро Ғ.Ш. Тошкент шахрида жойлашган 39-сонли шифохонада кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган. Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан текширув ўтказилмоқда.

«Ижтимоий тармоқ фаолларидан ҳолат тўлиқ ўрганилиб, вазиятга ҳуқуқий баҳо берилмагунга қадар, ‘ҳайдовчи аёвсиз калтакланган’ каби ёлғон маълумотларни тарқатмаслигини сўраймиз», дейилган хабарда.

Аввалроқ Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида ЙПХ ходимларининг хизмат жараёнида солиқ хизматчисининг вафот этгани хабар қилинганди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan