ДУНЁ

Эрдўғон расман Туркия президенти этиб қайта сайланди

Туркияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичида бюллетенларнинг 99 фоиздан ортиғи санаб чиқилгач, амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон янги муддатга қайта сайланди. Бу ҳақда Туркия Олий сайлов кенгаши маълум қилди, деб ёзади Anadolu.

Дастлабки маълумотларга кўра, Эрдўғон 52,14 фоиз овоз тўплади. Унинг рақиби, мухолифатдан ягона номзод Кемал Қиличдарўғли 47,86 фоиз овоз олди.

Олий сайлов кенгаши раҳбари Аҳмет Енерга кўра, амалдаги президентни 27 513 587 сайловчи, Қиличдарўғлини эса 25 260 210 нафар сайловчи қўллаб-қувватлаган.

Эрдўғон 28 май куни Истанбулда тарафдорлари олдида нутқ сўзлаб, ўзининг ғалабасини эълон қилди. Қиличдарўғли, сайлов натижаларига бағишланган нутқида, овоз бериш сўнгги йиллардаги энг адолатсиз тарзда ўтказилганини айтди, аммо мағлубиятини бевосита тан олмади.

Бир қатор давлатлар етакчилари Эрдўғонни қайта сайлангани муносабати билан табриклашди. Улар орасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Сербия президенти Александр Вучич, Россия президенти Владимир Путин, Украина президенти Владимир Зеленский, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Венгрия бош вазири Виктор Орбан, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Қатар амири Тамим Бен Ҳамад Ал Тани ва бошқалар бор.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон 2014 йилдан буён Туркия президенти бўлиб келмоқда. Бунгача у 2003 йилдан буён мамлакат бош вазири бўлган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan