ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Навоийда ҳоким ёрдамчиси пора олаётганида қўлга тушди

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида ҳоким ёрдамчиси пора олаётганида ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 27 ёшли М.А. 25 миллион сўм кредит олиш ва тадбиркорликни бошлаш мақсадида Б.Т. орқали маҳалланинг ҳоким ёрдамчиси Ш.И.га учрашган. Аммо ҳоким ёрдамчиси унга тавсиянома текинга берилмаслигини айтган.

Мазкур ҳолат юзасидан қилинган мурожаат асосида тезкор тадбир ташкил этилиб, ҳоким ёрдамчиси М.А.дан 100 доллар ва 900 минг сўм пулларни олаётган пайтда  Навоий вилояти ИИБ ТҚХ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда далилий ашёлар билан қўлга олинган.

Ҳоким ёрдамчиси Ш.И. ва кредит олувчиларни топиб унга элтувчи Б.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, ҳоким ёрдамчиси бир неча йил муқаддам товламачилик жиноятини содир этиб, жазо муддатини ўтаб чиққан.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan