ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Тошкентда яшовчи ўсмир 17 нафар бухороликнинг пластик карточкасидаги пулларни ўғирлагани маълум бўлди

Бухорода мобил илова орқали фуқаронинг пластик картасидан пул ечиб олиш жиноятини содир этган шахс — тошкентлик 14 ёшли ўсмир экани маълум бўлди. Тергов ҳаракатлари давомида ўсмирнинг яна 16 нафар фуқарони чув туширгани очиқланди.

Бухоро шаҳрида яшовчи 51 ёшли фуқаро М.Н. шаҳар ИИБга мурожаат қилиб, пластик карточкасидаги 3 миллион 150 минг сўм пул номаълум шахс томонидан ечиб олинганини билдирган. Мазкур кибержиноят ИИБ ходимлари томонидан 28 кунда фош этилди.

“Мен пулимнинг қайтарилишидан умидимни узган эдим. Бироқ орадан 28 кун ўтгач, Бухоро шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлимидан қўнғироқ қилиб, пластик картамдан пул ечиб олган фуқаро топилгани ва пуллар бир неча кун ичида қайтарилишини билдиришди. Тўғриси, орадаги қарийб бир ойча жимликдан ИИБдан ҳам ишончимни йўқотган эдим”, — дейди фуқаро М.Н.
Фуқаронинг пластик картасидаги пулларни ечиб олган шахс — тошкентлик 14 ёшли рус миллатига мансуб К.Н. экани аниқланган. Ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор, техник ва тергов ҳаракатлари жараёнида ўсмир яна 16 нафар бухоролик фуқаронинг пластик картасидаги пулларни кибер усулда ечиб олиб, ўз ота-онасининг пластик картасига ўтказиб келгани фош этилган.

“2022-йилнинг олти ойи давомида фуқароларнинг пластик картасидан пул ечиб олиш билан боғлиқ 68 та жиноят, жумладан, 36 та ўғрилик, 32 та фирибгарлик содир этилган. 58 та ҳолатда жиноят очиқланган. Фош этилмаган 10 та ҳолат бўйича тезкор, техник ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 14 ёшли боланинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, — дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan