ЖАМИЯТ

Тежамкор газ қурилмаси ортиқча харажатларга барҳам беради

Мамлакатимизда ўтган қисқа давр бошқа тармоқлар қатори газ таъминоти соҳаси учун туб ўзгаришларга бой бўлди. Хусусан, соҳани янада ривожлантириш мақсадида олиб борилган изчил ислоҳотлар қатор муаммоларнинг олдини олиш, сифат самарадорлигини оширишда дастуруламал бўлиб хизмат қилди. Айниқса, тизимга рақамли иқтисодиётнинг кириб келиши инсон омилини қисқартириш орқали шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Жорий йилнинг 23 май куни «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали томонидан ташкил этилган матбуот анжумани давомида Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган журналистлар ва блогерлар ана шу жараёнлар билан яқиндан танишди. Дастлаб, ОАВ вакиллари «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали томонидан амалга оширилаётган ишларни қисқа видео ролик орқали томоша қилишди.

Шу ўринда айтиш жоиз, тизим вакилларининг асосий мақсади аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга газни хавфсиз ҳамда ўз вақтида етказиб бериш, уни иқтисод қилишдан иборатдир. Бунинг учун Филиалнинг шаҳар ҳамда туман газ таъминоти бўлимлари томонидан вилоятда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиб, газ истеъмолида энергия тежамкор ускуналардан фойдаланиш босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.

Бугунги кунда “ҲГТ Сервиcе” дастурий таъминотни – газ ускуналарининг ҳолати тўғрисида батафсил маълумотларни масофадан йиғиш ҳамда ҳар бир абонент бўйича табиий ва суюлтирилган газдан оқилона фойдаланишни назорат қилиш технологияси ишлаб чиқилди.

Ушбу дастур газ ускуналарини кундалик ҳаётда ишлатишда истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлашга, газ таъминоти тизими ходимлари томонидан газ жиҳозларига техник ва профилактик хизмат кўрсатиш бўйича мажбурий хизматлар сифатини баҳолаш ва ўзаро ҳисоб-китобларни нақд пулсиз амалга оширишга қаратилган.

Истеъмолчиларга қулайлик яратиш учун ишга туширилаётган янги дастурий таъминот абонентнинг шахсий маълумотлари, хонадон геолокацияси ва телефон рақами каби маълумотларни ўз ичига олган. Шунингдек, дастурга истеъмолчида маиший газ ускуналарининг мавжудлиги ва уларнинг техник ҳолати тўғрисида маълумотлар киритилган. Дастурнинг яна бир хусусияти шундаки, у хизмат сифатини баҳолаш ёки шахсий кабинет орқали истеъмолчининг шикоятини узатиш имкониятига эга.

“ҲГТ Сервиcе” дастури газ етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасида газ ускуналарига профилактик ва техник хизмат кўрсатиш бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солиш ва уларни нақд пулсиз амалга оширишга имкон беради. Кўрсатилган сервис хизматлар учун тўлов (инвойс) СМС орқали онлайн режимида тақдим этиш йўли билан амалга оширилади ва бу хабар хизмат тугагандан сўнг дарҳол истеъмолчининг телефонига келади.

-Баъзи истеъмолчилар газ жиҳозларида носозлик кузатилгач, газ таъминоти ходимлари хонадонига тез етиб келиб, хизмат кўрсатмаганидан норози бўлиб, мурожаат этади, – дейди «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали сервис хизматини ривожлантириш бўлими масъул ходими Ш.Тоҳиров. – Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 12-январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 2-иловасида “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари” белгилаб қўйилган. Унда газдан фойдаланиш ускуналарини истеъмолчиларнинг ёзма ёки электрон буюртмалари асосида газ таъминоти ташкилоти томонидан тасдиқланган тарифлар бўйича таъмирлаш муддатлари баён қилинган бўлиб, хизмат кўрсатиш муддати ҳолатнинг хавфлилик даражасига қараб белгиланади.

Бу жараёнда истеъмолчи хонадонида табиий газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилса, соҳа ходими дарҳол бориб хизмат кўрсатиши керак. Овқат тайёрлаш ёки иситиш мавсумида иситиш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида бир кун давомида хизмат кўрсатилади. Иссиқ сув ва иситиш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида (иситиш мавсумидан ташқари вақтда) икки кун, газдан фойдаланиш ускуналарини алмаштиришда эса беш кун давомида хизмат кўрсатилиши зарур. Пировардида бу ишларнинг барчаси истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилгани аҳамиятлидир.

Эндиликда истеъмолчилар  сўнгги технологиялар ёрдамида ишлайдиган махсус қурилмаларни харид қилиб, хавфсиз иситиш тизимини таъминлаш имконига эгасиз. Шунингдек, горелкалар тугмалар орқали бошқарилади. Уларни ёқиш учун гугурт билан чақиб, ёндиришга ҳожат қолмайди.

Горелкалар маиший ҳаётда нимага керак?

-Замонавий горелкаларда янги технология ва ишланмалар мавжуд бўлиб, улар табиий газ ёнишини максимум даражада оширишга ёрдам беради;

-Бу қурилмаларни ўрнатиш ва жойидан кўчириш жуда осон. Ортиқча оворагарчиликларга эса ҳожат қолмайди;

-Узоқ муддатгача чидамлилик ҳамда ишончли сифат;

-Горелкалар санитар-гигиена қоидаларига жавоб беради.

Шунингдек, улар ортиқча шовқин-суронсиз ишлайди.

Қурилмаларнинг яна бир ажралиб турувчи жиҳати, улар – чидамли, ҳамёнбоп ва автоматлаштирилгандир.

Эслатма: Уйда газ ўчиб қолганидан 1 дақиқа ўтгач, горелканинг ёнғин хавфсизлиги клапани автоматик тарзда ёпилади. Шу билан бирга, газ қайтиб келганида, атрофга газ иси чиқмайди. Хонадон эгаси 40-50 фоизгача газни тежаб қолиши мумкин.

Яна бир муҳим нарса: Кўпчилик хонадондаги эски сув иситиш қозонларини бутунлай янгилаш кераклигини ўйлаб, хавотир олишади. Бироқ бунга ҳожат йўқ. Узоқ йиллар давомида ишлатиб келинаётган сув иситиш қозони (котёл)ни олиб ташлаб, янги импорт қурилмаларни ўрнатиш шарт эмас. Шунчаки унинг юза қисмини янги автоматлаштирилган горелкага алмаштириш кифоя. Агар ҳарорат тўғри белгиланса, сув маълум бир даражага етганда ўчади, совигандан кейин эса яна ёнади.

Автоматлаштирилган замонавий горелкалардан фойдаланган ҳолда хонадонингиз учун қулайлик ва шинамлик муҳитини яратинг.

Матбуот анжуманида ОАВ вакилларига юқоридаги маълумотлар атрофлича тушунтирилди ва сўнггида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan