ЖАМИЯТ

Шўрчида қўшни аёл 3 кишининг ҳаётини сақлаб қолди

2020 йил 9 феврал куни 14.00 лар атрофида Шўрчи тумани «Оқтумшуқ» маҳалласида яшовчи фуқаро Ҳайдарова Насиба опа қўшнисининг уйига ўтади. Қанча чақирса ҳам ичкаридан овоз чиқавермагач, кўнгли қандайдир нохушликни сезган Н.Ҳайдарова хонадон ичкарисини кўздан кечиради. У ис газидан заҳарланиб, ҳушсиз ётган оила-аъзоларини кўриши биланоқ ўз вақтида тегишли чора-тадбирларни амалга оширади. Эҳтиётлик билан газ тўпланиб турган хонанинг эшик, деразаларини очади ва атрофдаги қўшнилар ҳамда ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, тиббий ёрдам хизматларига хабар юборади. Насиба опанинг сайъи ҳаракати натижасида 3 киши ҳаётга қайтарилди. Афсуски, оиланинг 1 нафар аъзоси ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этди.
Кўрсатган ёрдами учун Насиба Ҳайдаровага вилоят фавқулотда вазиятлар бошқармасининг ташаккурномаси ва пул мукофоти берилди.
Қадрли юртдошлар, ёнғин хавфсизлиги талабларига доимо қатъий амал қилинг, бу ўзингиз, яқинларингиз соғлиги, ҳаёти учун муҳимдир!