ЖАМИЯТ

Огоҳ бўлинг, юртдошлар !

Инсон яралибдики, ҳаётда ўз ўрнини эгаллаш, ризқ-насибасини топиш учун тинмай ҳаракатда бўлади. “Ҳар кимнинг ризқи ҳар ерда бўлади”, – дейишади халқимиз. Кимдир ўз қишлоғи, ўз шаҳри, ўз юртида нон топса, кимлардир омадини чет эллардан изламоқда.

Ишлашнинг, меҳнат қилишнинг айби йўқ. Қаерда, қай ҳолатда, қандай шароитда, қанча маблағ эвазига, муҳими, у ҳалол ва қонуний бўлса, у қонун олдида ҳам, Яратганнинг олдида ҳам баракали, беминнат ва ҳаловатли бўлади.

Бугунги кунда юртимизда ўз касбининг устаси бўлиб, ўз соҳасида сидқидилдан, ҳалол ишлаб, рўзғор тебратиб, оиласини боқаётган, бунинг устига данғиллама уйлар қуриб, истаган машинасини олиб минаётганлар, халқнинг олқиши ва дуосини олиб, эл ҳурмати ва хизматида юрган ҳамюртларимиз талайгина, бундай ютуқларга олис юртларда шундай меҳнат қилиб эришаётганлар ҳам оз эмас.

Бундай муваффақиятларга эришиш учун у ўз юрти ёки хорижда ишлаши муҳим эмас, муҳими у инсон соғлиғи учун зарарсиз, ҳаёти учун хавфсиз бўлса, нафақат ўзи учун, балки оиласи, яқинлари, эли, юрти учун ҳам яхши бўлади.

Бироқ ҳозирда ишлаш учун, яхши даромад топиш учун олис юртларга бориб ишлаётган айрим юртдошларимиз мўмай даромад илинжида турли хил зарарли ёки ҳаёти учун хавфли бўлган йўллардан боришмоқда. Уларнинг аксарияти турли хил алдовларга учиб, ё ўша ер фуқаролигини қабул қилиш, ёки кўп пул эвазига ўша ерда бўлаётган урушларда, норозилик намойишларида иштирок этишга рози бўлишмоқда.

Уруш – бу ўз номи билан уруш. У қурбонларсиз бўлмайди, албатта. Тўсатдан келиб қолган битта дайди ўқ ёки снаряд туфайли бу омонат жон танани тарк этади. Пул ҳам инсоннинг жони эмас. Жонингизни тўплаган бор бойлигингиз билан ҳам қайтиб топа олмайсиз. У ўзингизни қурбон қилишингизга арзимайди. Ўзга юрт фуқаролигини қабул қилиб ҳам соғинчларсиз, ҳаловатда яшолмайсиз.

Шунинг учун сизни бир умр не умидлар билан, минг машаққатларга дош бериб катта қилган ота-онангизни, бирга ўсиб-улғайиб сизга меҳр берган, бугун эса соғ-омон қайтишингизни интизор бўлиб кутаётган меҳрибон оилангизни, ёр-у биродарларингизни, азиз юртдошларингизни ғам-қайғуда қолдирмай десангиз, ўз вақтида ҳушингизни йиғиб олинг. Сизнинг соғлиғингиз, сизнинг ҳаётингиз ўша пуллардан, ўша тўкис ҳаётдан устун туради.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan