Бойсун туман Ички ишлар бўлими тергов гуруҳи томонидан Оллоқулов Беҳзоджон Баҳодир ўғлини Ўзбекистон Республикаси ЖК 127-моддасининг 3-қисми ва 267-моддаси 2-қисмининг “б,г” бандлари, Тошбоев Дилмурод Элмурод ўғли, Пардаев Муҳаммад Шухрат ўғли ҳамда вояга етмаган Ҳасанов Самар Парда ўғлиларни ЖК 267-моддаси 2-қисмининг “б,г” бандлари билан айблаш ҳақидаги жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг иш юритувига 2023 йил 05 январь куни келиб тушган.Жиноят ишини суд мажлисида мазмунан кўриш 2023 йил 16 январь куни соат 10:00 га суд биносига тайинланган ва жиноят иши бўйича судланувчи Ҳасанов Самар Парда ўғли вояга етмаганлиги боис жиноят ишини ёпиқ суд мажлисида кўриш белгиланиб, суд мажлиси санаси, вақти ҳамда жойи ҳақида тарафларга тегишли тартибда хабар берилган.
Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи Б.Оллоқулов транспорт воситасини олиб қочиш бўйича Д.Тошбоев, М.Пардаев ва вояга етмаган С.Хасановлар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бўлиб, вояга етмаган С.Хасановни жиноят содир этишга жалб қилиб, 2022 йил 24 ноябрь кунидан 25 ноябрь кунига ўтар кечаси соат тахминан 01:30 ларда Бойсун тумани “Бибиширин” маҳалласида яшовчи фуқаро Мухаммадиев Қудратилло Файзуллаевичнинг яшаш уйи олдига боришиб, унинг яшаш уйи дарвозаси олдида кўчада турган унга тегишли бўлган “Ваз 2107” русумли 70 G 047 LA давлат рақамли автомашинани тунги вақт бўлганлигидан фойдаланиб, яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида олиб қочишганликда айбли деб топилган.
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг 2023 йил 24 феврал кунидаги ҳукмига кўра:
-судланувчи Оллоқулов Беҳзоджон Баҳодир ўғли Ўзбекистон Республикаси 127-моддасининг 3-қисми ва 267-моддаси 2-қисмининг “б,г” бандлари билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 57,59-моддалари қўлланилиб, 5 (беш) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси;
-судланувчи Тошбоев Дилмурод Элмурод ўғли Ўзбекистон Республикаси ЖК 267-моддаси 2-қисмининг “б,г” бандлари билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддасини қўлланилиб, 4 (тўрт) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси;
-судланувчи Пардаев Муҳаммад Шухрат ўғли Ўзбекистон Республикаси ЖК 267-моддаси 2-қисмининг “б,г” бандлари билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддасини қўлланилиб, 4 (тўрт) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси;
-судланувчи вояга етмаган Хасанов Самарбек Парда ўғли Ўзбекистон Республикаси ЖК
267-моддаси 2-қисмининг “б,г” бандлари билан айбли деб топилиб, унга нисбатан
ЖКнинг 85-моддаси тартибида
4 (тўрт) йил муддатга озодликдан
маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг
72-моддаси қўллаб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли
ҳисобланиб, 2 (икки) йил синов муддати белгиланган.
Суд ҳукми билан иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган ва ҳозирда Бойсун туман ИИБда сақланаётган “Ваз 2107” русумли 70 G 047 LA давлат рақамли автомобиль жабрланувчи Қ.Мухаммадиевга қайтариш белгиланган.
Мазкур суднинг ҳукмига нисбатан судланувчи Б.Оллоқуловнинг адвокат Х.Кабулов, шунингдек адвокатлар Х.Саъдуллаев ва Ш.Шакиров томонидан апелляция тартибида шикоят билан мурожаат қилган.
Жорий йилнинг 14 апрель куни, Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ўз биносида ўтказилган суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг 2023 йил 24 февралдаги Оллоқулов Беҳзоджон Баҳодир ўғли, Тошбоев Дилмурод Элмурод ўғли, Пардаев Муҳаммад Шуҳрат ўғли ва вояга етмаган Хасанов Самарбек Парда ўғлиларга оид ҳукми ўзгартирилиб, уларнинг айби Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси 2-қисми “б,г” бандларидан ЖКнинг 229-моддасига қайта квалификация қилинди.
Хусусан, Б.Оллоқулов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми ва 229-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57,59-моддалари қўлланиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 9 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган ва унинг қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилиниб, дарҳол суд залида қамоқдан озод қилинган.
Тошбоев Дилмурод Элмурод ўғли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 229-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган ва унинг қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилиниб, дарҳол суд залида қамоқдан озод қилинган.
Пардаев Муҳаммад Шуҳрат ўғли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 229-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган ва унинг қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилиниб, дарҳол суд залида қамоқдан озод қилинган.
Вояга етмаган Хасанов Самарбек Парда ўғли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 229-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 83-моддаси тартибида иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 8 ой 27 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган ва келтирилган апелляция шикоятлари қисман қаноатлантирилган.