ХАБАРЛАР

Тошкентда электр самокатларни тунда ижарага беришни чеклаш таклиф этилмоқда

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Ўзбекистонда кикшеринг хизматининг афзалликлари ва камчиликларини таҳлил қилди.

Кикшеринг (инглизча «киcк» – «оёқ билан тепиш» ва «шаринг» – «биргаликда фойдаланиш») – бу электр самокатларни қисқа муддатга ижарага олиш хизматидир.

2022 йилнинг апрель ойида Тошкентда биринчи кикшеринг хизмати ишга туширилди ва қисқа вақт ичида оммалашди.

 Бироқ, мазкур транспорт воситаларининг бетартиб ҳаракатланиши пиёдалар, велосипедчилар ва автомашиналар учун қатор муаммоларни юзага келтирмоқда.

    Афзалликлари:

  • ️қисқа вақт ичида А нуқтадан Б нуқтага етиб бориш учун қулай транспорт воситаси;
  • ️ автомобилга нисбатан нархи арзон;
  • ️ шахсий автомобилларга муқобил восита бўлганлиги сабабли тирбандликни камайтиради;
  • ️ экологик тоза транспорт.

    Камчиликлари:

  • самокатларнинг автомобиль йўлидаги бетартиб ҳаракати ҳайдовчиларда стрессни келтириб чиқаради;
  • пиёдалар йўлагида кимўзарга ўйнаш қариялар, болалар ва ногиронлар учун хавф туғдиради;
  • қурилмадан бир вақтда бир неча киши фойдаланиши;
  • электр самокатларнинг йўлларда бетартиб қолдириб кетилиши пиёда ва автомобиллар ҳаракатига салбий таъсир кўрсатади;
  • вояга етмаганлар ва маст ҳолдаги кишиларнинг электр самокатларни ижарага олиши.

Электр самокатлар билан боғлиқ нохуш ҳодисалар статистикаси:

Италияда сўнгги икки йил ичида электр самокатлар иштирокида рўй берган йўл транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) оқибатида 17 киши вафот этган.  

Францияда 2022 йилда электр самокатлар 27 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Хусусан, Парижда 3 киши ҳаётдан кўз юмган ва 459 киши жароҳатланган.  

Буюк Британияда 2021 йил 10 нафар фойдаланувчи тўқнашув оқибатида оламдан ўтган, 331 нафари оғир жароҳат олган.  

Германияда 2022-йилда электр самокатлар иштирокида жами 442 та бахтсиз ҳодиса рўй берган.  

Шу боис хорижий мамлакатларнинг ҳукуматлари қурилмалардан фойдаланишни тартибга солишга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни кўрмоқда. 

Хусусан:

 Жорий йилнинг апрел ойида Парижда ўтказилган референдумда иштирок этганларнинг 90 фоизи ушбу транспорт воситаларини таъқиқлаш тарафдори эканлигини билдирган.

2022 йилда Хелсинкида дам олиш кунлари ярим тундан кейин электр самокатларни ижарага олиш таъқиқланди.

Японияда электр самокатда давлат рақами ва ён ойналари бўлиши керак, шунингдек, уларнинг пиёдалар йўлагида ҳаракатланиши ҳам таъқиқланган.

Буюк Британияда электр самокатдан фойдаланувчида Қ тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши даркор.

Дания, Испания ва Норвегияда махсус дубулға кийиш 2022 йилдан бошлаб минимал техник стандарт сифатида жорий қилинган.

Россияда 2023 йилдан электр самокатлардан фойдаланувчиларнинг юк ва бошқа йўловчиларни ташиши таъқиқланди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига “электр самокат” тушунчаси киритилмаган. Мазкур қурилмаларни қулай шаҳар транспорти сифатида ривожлантириш учун қонунчиликни такомиллаштириш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш мақсадга мувофиқ. 

Хусусан:

  •  йўл ҳаракати қоидаларига “электр самокат” тушунчасини киритиш ва улардан фойдаланишнинг тартибини белгилаш;
  •  пиёдалар серқатнов ҳудудларда тезликни автоматик пасайтириш технологиясини қўллаш;
  • қурилмадан бир вақтнинг ўзида икки кишининг фойдаланиши, шунингдек, маст ҳолатда бошқаришнинг олдини олиш механизмини ишлаб чиқиш;
  •  қурилмалардан фойдаланишда ёш чегарасини жорий этиш (Фаcе-ИД технологиясидан фойдаланиш);
  •  электр самокатларни тунда ижарага олишни чеклаш;
  •  электр самокатлар турадиган махсус жойларни ташкил этиш.

Мазкур чора-тадбирлар электр самокатлардан фойдаланишда хавфсизликни ошириш, нохуш ҳодисалар содир бўлиши ҳамда аҳоли ўртасида ушбу экологик ва қулай транспорт турига нисбатан салбий фикр уйғонишининг олдини олишга хизмат қилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan