ДУНЁ

АҚШ Яқин Шарққа ядровий сув ости кемасини юборди

Бугун, 8 апрель куни АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Яқин Шарққа ядро қувватига эга сув ости кемаси юборди. Кема ракета билан жиҳозланган бўлиб, ундан Баҳрайнда жойлашган АҚШнинг Бешинчи флотини қўллаб-қувватлаш учун фойдаланилади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди. 

Америкалик қўмондон Тимоти Ҳовкинснинг айтишича, USS Florida сув ости кемаси, 6 апрель куни минтақага кирган ва Сувайш канали орқали транзитни бошлаган.

“У 154 тагача қуруқликдан ҳужум қилувчи Tomahawk қанотли ракеталарини олиб юра олади. USS Florida минтақавий денгиз хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш учун АҚШ 5-флотига жойлаштирилди”, дейди қўмондон.

Маълумот учун, USS Florida қанотли ракетали сув ости кемаси бўлиб, у АҚШнинг Флорида штати шарафига шундай номланган. У SSBN-728 корпус белгиси билан фойдаланишга топширилган; баллистик ракета сув ости кемасидан қанотли ракета сув ости кемасига айлантирилиши билан у SSGN-728 номини олган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15-19 март кунлари Хитой, Эрон ва Россия ҳам Уммон кўрфазида қўшма ҳарбий-денгиз машқларини ўтказган, улар ҳам минтақа хавфсизлиги йўлида бундай машғулотлар қилаётганини даъво қилган эди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan