ХАБАРЛАР

Расмлари тарқалган келиннинг ўзини осиши бўйича иш қайта кўриб чиқилади – БП

Самарқанд вилояти Ургут туманида 19 ёшли қизнинг ўзини осгани бўйича иш қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.

Келтирилишича, дастлаб бу ҳолат бўйича Ургут тумани прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижасига кўра бирон бир кишининг ҳаракатида жиноят таркиби ва жиноий ҳодиса аниқланмагани боис 2023 йил 1 апрель куни жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Мазкур қарор Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганилиб, бекор қилинди. Шунингдек, ҳолат юзасидан қўшимча текшириш ҳаракатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказиш ҳақида кўрсатма берилган.

“Қўшимча текшириш натижалари бўйича қабул қилинган қонуний қарор ҳақида кенг жамоатчиликка эълон қилинади”, дейилади прокуратура хабарида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 март куни Самарқанд вилоятида 2004 йилда туғилган аёл номаълум сабабларга кўра ўзини осиб қўйган эди. Маълумотларга кўра, марҳуманинг турмуш ўртоғининг Telegram мессенжерида уятсиз ном билан ташкил этилган каналга аёлнинг фотосуратини жойлаштирган. Мазкур фотосурат кўздан кечирилганда ундаги қизларнинг кийим-кечаги мавжуд бўлиб, обрўсизлантириш, камситиш ёки ахлоқ-одоб нормаларига зид келувчи белгилар бўлмагани аниқланган. Шу сабабли мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатиш бекор қилинган эди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan