СПОРТ

Тошкент мундиалига бойкот эълон қилган давлатлар сони нечта бўлди?

Жорий йилнинг май ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган эркаклар ўртасидаги бокс бўйича Жаҳон чемпионатига бойкот эълон қилган давлатлар сони 12 тага етди. 

Дастлаб мундиалга Россия билан Беларусь спортчиларининг ўз байроқлари остида турнирда иштирок этишига рухсат берилгани учун АҚШ, Польша, Швейцария, Нидерландия, Ирландия, Чехия, Швеция, Канада, Украина, Германия ва Норвегия бойкот эълон қилган эди. Кейинроқ улар сафига Буюк Британия ҳам қўшилди. Аввалига Британия бокс федерацияси Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида бўлиб ўтган аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини бойкот қилган бўлса, бироз вақт ўтгач, эркаклар ўртасидаги турнир учун ҳам худди шундай қарор қабул қилди.

Бокс бўйича катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати 1 майдан 14 майга қадар бўлиб ўтади. 

Эслатиб ўтамиз, март ойида Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Баҳодир Жалолов QALAMPIR.UZ’га интервью бериб, кўпгина давлатларнинг мусобақага бойкот эълон қилганига муносабат билдирганди. Жалолов кўпгина фаворит иштирокчиларнинг турнирда иштирок этмаслиги ўзбек боксчиларининг асосий мақсад сари юришига таъсир қилмаслигини таъкидлади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan