ҚИЗИҚАРЛИ

6 февралга доир қизиқарли маълумотлар

Тимур Ибрагимов чемпионлик камарини қўлга киритди

1994 йил 6 феврал – Москвада бўлиб ўтган мусобақада ҳамюртимиз Тимур Ибрагимов профессионал бокснинг ўта оғир вазндаги WBA ва IBA йўналишларида қитъалараро чемпионлик камарини қўлга киритди. У ҳаваскор боксда аввал Осиё чемпиони, жаҳон кубоги совриндори бўлган.

 

Немис кимёгари Клеменс Винклер германийни кашф қилган кун

1886 йил 6 февралда немис кимёгари Клеменс Винклер германийни кашф қилди.

Германий , Ge – Менделеев даврий системасининг IV гуруҳи кимёвий элементи. Тартиб номери 32;  атом массаси 72,59. Барқарор изотоплари бешта: 70 Ge (20,52%), 72 Ge (24,43%), 73Ge (7,76%), 74 Ge (36,54%) ва 76 Ge (7,76%). Германийнинг жуда кўп сунъий радиоактив изотоплари олинган. Германий мавжудлигини 1871 йилда Д.И. Менделеев олдиндан айтди; уни “экасилиций” деб атади ва даврий системада бу элемент учун жой қолдирди. 1886 йил 6 февралда немис кимёгари К. Винклер аргиродит номли минерал таркибида ўша вақтда маълум бўлмаган элемент борлигини топди ва унга ватани – Германия шарафига германий деб ном берди. Германий тарқоқ элемент, Ер пўстида оғирлик жиҳатидан 7٠10-4% ни ташкил қилади. Табиатда эркин ҳолда учрамайди. Қўшимчалар ҳолида темир, руҳ, никель-вольфрам рудаларида, тошкўмир, торф, нефтда, термал сувларда, сув ўтларида ва силикатлар таркибида бўлади.

“Берлинале” Берлин Халқаро кинофестивали ўтказилган кун

Берлинале кинофестивали  –  бу Германиядаги энг йирик  ва Европадаги энг муҳим воқеалардан биридир. Фестивал 1951 йилдан бошлаб, ҳар йили февралда  Германия пойтахтида 10 кун давомида бўлиб ўтади. Канн ва Венеция кинофестиваллари қаторида, Берлинале  ҳам кинематография оламида марказий воқеалардан бири ҳисобланади. Бошқаларидан фарқли ўлароқ, у биринчи навбатда  “муаллифга оид” ва “интеллектуал кино”га йўналтирилган. Фестиваль танлови  дастурида   йил давомида яратилган  ва фестивалга қадар  намойиш қилинмаган  бадиий тўлиқ  ва қисқа метражли фильмлар қатнашадилар. Тақдимотлар  “Berlinale Palast” саройида бўлиб ўтади.

Табиий географ ва гляциолог Корженевский Николай Леопольдович таваллуд топган кун

Корженевский Николай Леопольдович (1879.6.2, Витебск губернияси – 1958.31.10, Тошкент) – табиий географ ва гляциолог. Ўзбекистон  Фанлар Академияси мухбир аъзоси (1947). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1939). География фанлари доктори (1937). Ўрта Осиё университетининг табиий география кафедраси профессори, мудири (1927-йилдан). Ўрта Осиё Гидрометеорология институтида консултант ва гляциология бўлимининг бошлиғи (1926-58). Илмий фаолияти Ўрта осиё табиий географияси ва музликларига бағишланган. Корженевский  Ўрта Осиё музликларининг дастлабки каталогини тузган (1930), 70 га яқин музлик ва чўққиларни ўрганиб илмий адабиётга киритган. Устюрт платоси, Мўйинқум, Қирғизистон тизмаси, Қоракўл, Яшилкўл, Сарез, Искандаркўл ва Балхаш кўлларини тадқиқ қилди. Помир ва Тяньшанда 3 музлик ва Орқа Олай тизмасидаги чўққи Корженевский нoми билан аталган.

 Ўзбекистон миллий энциклопедияси.Т.,2005.

Рус кимёгари Зеленский Николай Дмитриевич таваллуд топган кун

Зеленский Николай Дмитриевич 1861 йил 6 февралда туғилган, кимёгар. Академик (1929), органик катализ ҳақидаги таълимот асосчиларидан. Москва унверститети профессори(1893). Циклопентанли ва циклогексанли углеводородларни синтез қилган. Циклогексан ва унинг гомологларини платина ва палладий катализаторлари иштирокида дегидрогенлаш йўли билан ароматик углеводородлар олган, шунингдек, нефтдан ароматик углеводородлар олган. Зеленский ва унинг шогирдлари шу соҳадаги кейинги тадқиқотларги асосланиб, циклопентанли углеводородларнинг гидрогенолиз реакциясини кашф этишди.

 1918-19 йилларда Зеленский алюминий хлорид ва алюминий бромид иштирокида соляр мойи ва нефтдан крекинг йўли билан бензин олиш усулини ишлаб чиқиб, саноатга татбиқ этган. Г.Стадников билан бирга альдегидлар ва кетонлардан а-аминокислоталар синтезлаш усулини кашф этган (Бу усул Зеленский – Стадников реакцияси деб аталади). Зеленский адсорбция ва кўмирли противогаз ясаш соҳасида иш олиб борди. Зеленский Николай Дмитриевич 1953 йил 31 майда вафот этган.