ЎЗБЕКИСТОН

Янгиланаётган Конституция — ёшлар нигоҳида

«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича жорий йил 30 апрел куни Ўзбекистон Республикасининг референдуми ўтказилади.

Бугун Термиз муҳандислик-технология институтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботир Мардаев, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири, вилоят Кенгаши депутати Сайдулла Абдураимов ҳамда институт ректори Ўрол Аҳмедов талабалар иштирокида “Янгиланаётган Конституция — ёшлар нигоҳида” мавзусида давра суҳбати ўтказдилар. Унда талаба ёшларга янги ўзгартишлар киритилаётган Бош қомусимизнинг жамиятимиз ҳаётига оид бир қатор муҳим жиҳатлари хусусида маълумот берилди.  

Таъкидланганидек, янгиланаётган Конституцияда ёшларга оид қатор нормалар, ҳатто битта алоҳида боб “Оила, болалар ва ёшлар”масаласига бағишланди.

Йиғилишда қайд этилганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси билан илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифалари қаторидан жой олмоқда.

Мазкур қоидаларнинг Конституция даражасида белгиланиши, болалар боғчасидан тортиб, токи университетларгача, барча таълим ташкилотларини улар давлатники ёки хусусий эканлигидан қатъий назар, ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин бўлади. 

-Бугунги кунда тайёрланган Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституциямизнинг моддалари 128 тадан 155 тага, унинг нормалари эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда. Яъни Конституциямиз қарийб 65 фоизга янгиланмоқда. Амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилмоқда. Барчамизга маълумки, агар амалдаги қонун ҳужжати матнини сезиларли ўзгартириш талаб этилса, уни янги таҳрирда баён этиш зарур. Шу боисдан ҳамда киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамияти ва кўламидан келиб чиқиб, лойиҳада Конституцияни янги таҳрирда баён этиш учун барча асослар етарли бўлди. Шунинг учун ҳам лойиҳанинг номини Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида эмас, балки “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни деб номланди,- деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботир Мардаев.

Тадбирда сўз олганлар айтиб ўтганидек, давлат эндиликда нафақат умумий ўрта таълим балки бошланғич профессионал таълим олишни ҳам бепул бўлишини кафолатлайди. Энг муҳим янгиликлардан бири, бу – алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбиянинг таъминланиши бўлди.

Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади. Бу норма шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун жуда муҳимдир.

Янгиланаётган Конституцияга мувофиқ, фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли, эканлиги аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Конституциямизнинг биринчи моддасидаёқ Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ортмоқда.

Масалан, ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланмоқда. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади.

Бундан ташқари, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланмоқда.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири, вилоят Кенгаши депутати Сайдулла Абдураимов:

«Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилмоқда. Бу қоидалар мамлакатимиздаги 685 минг нафардан ортиқ ўқитувчиларнинг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилади.

Конституциямизда олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи кафолатланмоқда. Ушбу норманинг киритилиши олий ўқув юрти ва илмий-тадқиқот муассасаларининг таълим ва илмий-тадқиқот жараёнига давлат иштирокини чеклашга, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга хизмат қилишлигини алоҳида айтиб ўтди.

Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда қайд этилганидек, Янгиланган Конституцияда давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради.

Давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

Референдумда фуқароларимиз таклиф эмас, Конституциявий қонунга овоз беришади. Аниқроғи, бевосита халқимизнинг таклифи асосида тайёрланган Конституциявий қонунни қабул қилиш масаласини ҳам халқимизнинг ўзи ҳал қилади!

Тадбирда сўзга чиққанлар барчани Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказиладиган референдумда фаол бўлишга чақирди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan