ЎЗБЕКИСТОН

АОКА раҳбари Сурхондарёда матбуот котиблари, журналистлар, ноширлар ва блогерлар билан учрашди

Кеча Термиз шаҳридаги Матбуот уйида Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев воҳада фаолият юритаётган журналист ва блогерлар ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари, вилоят ташкилотлари ва идоралар ахборот хизматлари раҳбарлари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Учрашувда ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган танқидий мақолалар, миш-мишлар, фейк ахборотлар бўйича ўз вақтида муносабат билдириш, журналист ва блогерлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, ўз ташкилотининг очиқлигини таъминлаш — ахборот хизматларининг энг асосий вазифаларидан экани қайд этилди. 

«ОАВ ёки ижтимоий тармоқда эълон қилинган танқидий мақолани «бости-бости» қилиш эмас, балки уни тегишли мутасаддилар ёрдамида ҳал этиш лозим, — деди Асаджон Ходжаев. — Чунки муаммони яширган билан у йўқ бўлиб қолмайди, аксинча, катталашади. Ҳозирги интернет даврида уни яшириб бўлмайди ҳам. Бир жойда ўчирилган ахборот бошқа жойда чиқаверади. Тўғри ва жўяли муносабат билдирилмас экан, салбий ахборотлар оқими тўхтамайди».

Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва нашриёт-матбаа корхоналари билан ўтказилган учрашувда мамлакатимизда ахборот соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳудудлардаги ОАВ фаолиятидаги муаммолар, очиқликни таъминлаш масалалари борасида фикр алмашилди.

Шу билан бирга, соҳага оид қабул қилинаётган норматив ҳужжатлар, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари тўғрисида маълумот берилди. Очиқ мулоқотнинг савол-жавоб қисмида соҳа вакиллари ва ахборот хизматлари раҳбарларининг ҳар бир саволларига батафсил жавоб берилиб,таклифлари инобатга олинди. Келгусида вилоятда ахборот хизматлари, ОАВ ва блогерлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳам АОКА раҳбари билан учрашиб, соҳа вакилларини янада қўллаб-қувватлаш борасидаги режалар билан ўртоқлашди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan