ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистон тўқимачилик соҳаси вакиллари Покистонда амалиёт ўташди

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва мамлакатимизнинг етакчи текстиль корхоналари мутахассислари Умумпокистон тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари уюшмаси томонидан Файсалобод шаҳрида ташкил этилган малака ошириш дастурларида иштирок этди.

Ўқув курсларида Файсалобод миллий текстиль университети профессор-ўқитувчилари маъруза билан иштирок этди. Покистонда тўқимачилик соҳасининг ривожланишига оид назарий билимлар, соҳавий лойиҳаларни амалга оширишнинг муҳим жиҳатлари, «GSP+» тизими доирасида маҳсулотларни Европа бозорига экспорт қилишнинг асослари тўғрисида тажриба алмашилди.

«Покистоннинг тўқимачилик соҳасидаги тажрибаси, жорий этилган замонавий инновацион ечимлар, мамлакат етакчи компанияларининг қиймат қўшилган маҳсулотлар билан хориж бозорига кириб бориш бўйича илғор методлари тўғрисида кўникмаларга эга бўлдик. Олинган билимларни ўз фаолиятимизга жорий қилиб, корхонамиз экспорт салоҳиятини ошириш ниятидамиз. Мутахассисларнинг тажриба ва малакасини оширишга қаратилган қўшма тадбирлар албатта ишлаб чиқариш жараёнига ижобий тасир этишига ишонамиз», деди «Urganch Bahmal» МЧЖ муҳандиси Шерзод Бобомуродов.

Ўзбекистон вакиллари тадбир доирасида Покистоннинг «Nishat», «Sapphire», «Diamond», «Fateh», «Gul Ahmed» сингари йирик тўқимачилик компанияларига ташриф буюриб, уларда қўлланилаётган илғор тажриба билан танишди.

Малака ошириш дастури якунида ташкил этилган маросимда Панжоб вилояти губернатори Сардар Салим Ҳайдер Хан ва APTMA раҳбари Гоҳар Эжаз иштирок этди.

Губернатор Сардар Салим Ҳайдер Хан Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. «Ўзбекистон Президентининг давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича сиёсий иродасини қизғин қўллаб-қувватлаймиз. Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий боғлиқлик ташаббуси минтақаларимиз сиёсий-иқтисодий ҳаётига янгича руҳият олиб кирди. Бугун мен 15 нафар Ўзбекистон тўқимачилик саноати мутахассисларига сертификатлар топширдим. Ушбу турдаги ҳамкорлик дастурлари икки давлат раҳбарларининг келишувларини ҳаётга тадбиқ этилаётганининг амалий исботидир. Ҳозир кунда мамлакатларимиз саноатнинг барча соҳаларида тўғридан-тўғри мулоқот олиб бормоқда. Шу боис ҳамкорликда жаҳон иқтисодиётидаги жараёнлар билан, хусусан тўқимачилик соҳасида ҳамоҳанг қадам ташлашга имкон яратилди «, деди Панжоб вилояти губернатори.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan