ЖАМИЯТ СИЁСАТ

Шерпўлат Бойқулов Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Cурхондарё вилоят филиали раҳбари этиб тайинланди

Бугун, 3 февраль куни вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Нодир Махсумов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда Шерпўлат Бойқулов Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг вилоят филиали раҳбари сифатида таништирилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларда кадрлар бошқаруви ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлади, ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобот беради.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифалари давлат хизматини трансформацияси учун мафкуравий платформаси ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш, давлат хизмати соҳасида ягона сиёсатнинг амалда бажарилишини таъминлаш, давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат хизматини ривожлантириш тенденциялари ва ривожланиш истиқболларини мониторинг ҳамда таҳлил қилиш, ушбу соҳадаги муаммолар ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришнинг очиқлик, профессионаллик ва ҳисобдорлик тамойилларига асосланган инновацион усулларини жорий этишдир.

Маълумот ўрнида, Бойқулов Шерпўлат Мамарайимович 1974 йилнинг 7 майида Шеробод туманида туғилган. 1997 йилда Термиз давлат университети, 2004 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – агрохимик-тупроқшунос, иқтисодчи.

Фаолияти давомида вилоят ҳокимлигида бўлим мудири, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.