ЖАМИЯТ

Бухоро ва Сурхондарёда 50 минг тупдан ортиқ дарахтлар кесилиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди

Аввалроқ, мазкур вилоятларда автомобиль йўлининг реконструкция қилиниши сабаб дарахт ва буталарнинг кесилаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Ижтимоий тармоқларда Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида қурилиш ишлари муносабати билан кўп сонли дарахт ва буталарнинг кесилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Қисқа вақт ичида мазкур хабар кенг жамоатчиликнинг танқид ва муҳокамаларига сабаб бўлди.

Ҳолат юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги раҳбарияти расмий муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 6 июль куни Бухоро вилояти ҳокимлиги А-380 автомобиль йўлининг 150-228 км узунликдаги «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» қисмини реконструкция қилиш лойиҳасини тасдиқлаш учун Экология вазирлигига юборган. Лойиҳада 31 371 та дарахт ва буталарни яқин атрофдаги бўш жойларга кўчириб ўтказиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 7 июль куни Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан 4Р-100 «Манғузор-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов» автомобиль йўлининг 128-174 км ва 4Р-105 «Дарбанд-Бойсун-Элбаён» автомобиль йўлининг 5-70 км қисмларини реконструкция қилиш лойиҳаси юзасидан 21 803 дона дарахтни белгиланган тартибда кўчириб ўтказишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилинган.

Қайд этилишича, вазирликка бир ҳафта муддатда дарахтларни атроф-муҳитга зарар етказмасдан кўчириш бўйича Ҳукумат комиссиясига хулоса бериш ва тегишли таклифлар киритиш топширилган.

Вазирликнинг таъкидлашича, бир қатор нашрларда (“…52 минг дарахт кесиш кўрсатмаси», «Аномал иссиқда 70 мингга яқин дарахт кесилиши», «Абдуҳакимовга 53 174 туп дарахтни ўлдиришга хулоса бериш топширилган») дея нотўғри талқин қилинган.

«Ҳужжатда дарахтларни кесиш ҳақида бирорта ҳам сўз, шунингдек, бундай иссиқ мавсумда яшил майдонлар билан бирон бир чора кўриш бўйича кўрсатмалар йўқ»,- дейилади хабарда.

Шунингдек, вазирлик юқоридаги мурожаатларга жавобан ўсимлик дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилиши, шунингдек, республика бўйлаб кузатилаётган чанг-тўзон таъсирини камайтиришда ушбу дарахт ва буталарнинг ўрни муҳим эканлигини эслатган ҳолда рад жавобини берган.

Ҳокимликларга юборилган расмий жавоблардан сўнг Бухоро вилоятидан қурилиш компанияси вакиллари вазирликка ташриф буюриб, дарахт ва буталарга зарар етказмаган ҳолда лойиҳага ўзгартиришлар киритишлари ҳақида маълумот беришган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan