Uncategorized

Январь ойидаги газ ва электрдаги узилишлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмларига салбий таъсир қилди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жорий йилнинг январ ойининг биринчи ярмида давлат буджети даромадлари ҳақидаги маълумотни тақдим этди.

Унга кўра, январ ойининг биринчи ярмида давлат буджети даромадлари ўртасидаги салбий фарқ ойнинг биринчи ҳафтаси давомида иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақаларни тўлиқ молиялаштириш ҳамда йил бошида одатда буджет тушумларининг кам бўлиши билан изоҳланади.

Маълумот учун келтирилишича, буджет кодексига мувофиқ жорий молия йилининг муайян даврида буджет тизими буджетлари харажатларининг даромадларидан вақтинчалик ошиб кетиши вақтинчалик касса узилиши деб аталади.

Қайд этилишича, жорий йилнинг январ ойида мамлакатимизда ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши ҳамда энергия ресурсларига талабнинг кескин ошиши туфайли хўжалик юритувчи субектларга табиий газ ва электр энергияси етказиб беришдаги узилишлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмларига салбий таъсир қилган.

Бу қарийб 30 минг тадбиркорлик субектларининг солиқ қарздорлигини 1,2 трлн сўмга ўсишига олиб келиб, буджет тушумларининг тўлиқ тушишига салбий таъсир қилган.

Хабарингиз бор, шу сабабдан тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 февралдаги ПҚ–43-сон қарори билан уларнинг солиқ қарздорликлари бўйича пеня ҳисоблашни тўхтатиш, солиқ қарздорликларини бўлиб тўлаш, моддий жавобгарликларга тортмаслик, кредит тўлов муддатларини узайтириш ҳамда айланма маблағларни тўлдиришга кредит олиш шартларини енгиллаштириш каби чоралар белгиланди.

«Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик субектлари фаоллигини қайта тиклашга ва келгуси ойларда буджет тушумларини кўпайишига туртки бўлади.

Шу билан бирга, 2023 йил учун белгиланган даромадлар прогнозини бажарилишини таъминлаш мақсадида, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Буджет даромадлари 2022 йилнинг январ ойида 13,4 трлн. сўмни ташкил қилган бўлса, жорий йил январида 14,9 трлн. сўмни ташкил қилди. Солиқ қарздорлиги ошмаган тақдирда даромадлар ўсиш суръатининг юқорироқ бўлиши кутилган.

Буджет тақчиллигини йиллик тасдиқланган кўрсаткич доирасида бўлишини таъминлаш учун, одатда, йил давомида солиқ-буджет соҳасида тегишли чоралар кўрилади. Молия йили ичида эса даромадлар ва харажатлар ўртасидаги тафовут ўзгариб туриши мумкин.

Бугунги кунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан доимий равишда эълон қилиб бориладиган маълумотлар рўйхати, уларнинг даврий чоп этишнинг аниқ саналари (иқтисодий календар) ишлаб чиқилмоқда ва бу тўғрисида яқин кунларда расмий ахборот берилади», дейилади вазирлик Ахборот хизмати хабарида.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan