ЎЗБЕКИСТОН

СИФАТСИЗ КАРТОШКА МАҲСУЛОТИ КИРИБ КЕЛИШИНИНГ ОЛДИ ОЛИНДИ

Мамлакатимизда кейинги йилларда ўсимлик зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашишга қаратилаётган эътибор фитосанитар ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Сурхондарё вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари карантин объектлари ва хавфли зарарли организмларга қарши самарали курашиш борасида тизимли ишларни амалга ошираётир. Республикага чет давлатларидан олиб келинаётган карантин остидаги ўсимлик маҳсулотларига Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан карантин рухсатномаси берилгандан кейин мамлакатимизга экспорт қилувчи давлатлар томонидан фитосанитар сертификати берилган бўлса, Ўсимликлар карантини чегара маскани карантин инспекторлари томонидан карантин остидаги юклар карантин назоратидан ўтказилиб, карантин кўриги далолатномаси ва транспорт бирлигини очиш далолатномаси ёзилиб, ўсимлик маҳсулотлари вилоятимизга олиб кирилади ва зарур бўлса зарарсизлантирилади.

Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, якунланган йилда вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси воҳага кириб келган ва транзит бўлиб ўтаётган ўсимлик маҳсулотлари билан дунёда мавжуд 335 дан ортиқ карантин зарарли организмларининг кириб келиши, экспорт қилинаётган карантин остидаги маҳсулотлар билан вилоятда учрайдиган ички карантин зарарли организмларининг бошқа давлатларга ўтиб тарқалишининг олдини олиш юзасидан карантин назоратини кучайтириб, белгиланган тартибда зарарсизлантириш (фумигация) тадбирларини амалга оширди. Ўтган йили чет мамлакатлардан кириб келган 321 минг тоннадан ортиқ карантин остидаги импорт маҳсулотни карантин назоратидан ўтказиб, ички бозорларга рухсат бердик. Импорт бўлиб келган карантин остидаги маҳсулотларни карантин назоратидан ўтказиш чоғида 11 та автотранспорт воситасига юкланган 270 минг тонна озуқабоп картошка маҳсулотидан намуна олиниб, марказий фитосанитария лабораториясида текширувдан ўтказилди. Лаборатория хулосасига асосан ташқи карантин организми бўлган циста ҳосил қилувчи нематода (Глобадера спп), (Дитйленчус деструктор) картошка туганак нематодаси зарарли организмлари аниқланиб, белгиланган тартибда ортга яъни, экспортёр давлатга қайтарилди. Учта автотранспорт воситасига юкланган 59 минг 676 килограмм мандарин маҳсулотидан марказий фитосанитария лабораториясига юборилган намуналарда карантин организм Aonidiella aurantii (Maskell) – қизил померанец қалқандори (тирик) зараркунандаси ҳамда Bactrocera sp.-мевали пашша (тирик) зараркунандаси аниқланиб, тегишли тартибда йўқ қилинди.
Мамлакатимиздан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулот ўсимликлар карантини қоидаларига, фитосанитария талабларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ўсимликлар карантини соҳасидаги халқаро шартномалари қоидаларига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланган карантин остидаги маҳсулотлар рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим. Унинг ҳар бир туркумига белгиланган намунадаги фитосанитария сертификати илова қилинган бўлиши керак. Уларни олиб киришга карантин рухсатномаси, экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва уларни ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари томонидан бериладиган фитосанитария сертификати ёки гувоҳномаси мавжуд бўлган тақдирда рухсат берилади. Воҳамиздан хорижга экспорт қилинаётган карантин остидаги маҳсулотлар ҳам назоратда.

Вилоятимиз тадбиркорлари томонидан ўтган йили 31 та чет давлатга 354 минг тоннадан ортиқ карантин остидаги маҳсулот, 324 минг 892 дона кўчат, қаламча ва бошқалар экспорт қилинди. Кейинги йилларда ўсимлик зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашишга қаратилаётган эътибор озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ташқи бозорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рақобатбардошлигини ошираётир.

Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари карантин объектлари ва хавфли зарарли организмларга қарши самарали курашиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, фитосанитар тозаликни сақлаш учун маҳалла раислари, секторлар, тегишли туман ташкилотлари раҳбарлари, ўсимликлар клиникалари вакиллари, фермер ва кластерлар иштирокида “Карантин ҳизмати – деҳқонга кўмакчи” шиори остида ва йил бошида эълон «Долзарб 15 кунлик» тадбирлари доирасида қишлоқ хўжалиги экинлари зарарли организмларига қарши (ИПМ) уйғунлашган ҳимоя қилиш дастури асосида семинарлар ташкил этмоқда. Экологик тоза, пестицидлар миқдоридан холи, инсон саломатлигига зарарсиз экпортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳақида барча маълумотларни ўз ичига олган махсус флаерлар тарқатилмоқда. Соҳага оид янгиликлар, имтиёзлар кенг тарғиб қилинмоқда. Бундай кенг кўламли ишлар юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаб, дунё бозорида харидоргир қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда муҳим саналади.


Юсуф Тошболтаев,
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ташқи карантин бўлими бошлиғи

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan