ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Дарбандда гиёҳфуруш қўлга олинди

Жорий йилнинг 29 январ куни Сурхондарё вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан Дарбанд темир йўл бекати ҳудудидаги “Дарбанд-Шўроб” темир йўл бекатлари яқинида тезкор тадбир ўтказилди.

Бойсун туманида яшовчи фуқаро Э.Ш. тадбирга “мижоз” сифатида жалб қилинган “Аббос” исмли шахсга тўрт миллион сўм пул эвазига 14 дона гугурт қутисига жойлаштирилган оч яшил рангли, ўзига хос ўткир хидли, ўсимликсимон, “Марихуана” гиёҳвандлик моддасига ўхшаш моддани сотаётганида аниқланиб, тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.

Холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлиштириб олинган ушбу далилий ашёлар Сурхондарё вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика бўлимининг 2020 йил 30 январ кунидаги хулосасига кўра, “Марихуана” гиёҳвандлик моддаси эканлиги, унинг соф вазни 42.98 граммни ташкил этиши аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Э.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати