ЎЗБЕКИСТОН

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш қандай асосларга кўра амалга оширилади?

Дарҳақиқат, жамиятда оила мустаҳкамлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятни барпо этиш йўлидаги муҳим вазифа ҳисобланади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддасида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш асослари белгиланган.

Мазкур қонун талабига кўра, ота-она (улардан бири) ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиши, яъни алимент тўлашдан бўйин товлаши, узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортиши ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга асос бўлади.

Бундан ташқари, ота-оналик ҳуқуқи суиистеъмол қилинганда, яъни болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса, муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, суд томонидан манфаатдор шахснинг даъво аризаси асосида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Шуни таъкидлаш жоизки, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-оналар келгусида  вояга етган болаларидан нафақа олиш, улар вафот этган тақдирда нафақа билан таъминланиш, болаларининг мулкига ворис бўлиш ҳуқуқларини ва бошқа ҳуқуқларини ҳам йўқотадилар.

Оила кодексининг 80-моддасига мувофиқ ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар ота (она)нинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг), прокурорнинг, шунингдек вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти юклатилган орган ёки муассасаларнинг (васийлик ва ҳомийлик органи, вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссиялар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муассасалари ҳамда бошқа муассасаларнинг) даъвосига биноан кўриб чиқилади.

Ота-онадан бирини ота ёки оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги даъволар кўриб чиқилишида, болаларнинг келгусидаги тарбияси учун етарли шароитларни таъминлаш ва ота-онанинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, алоҳида турадиган ота ёки онанинг турган жойи аниқланиб, болани тарбиялаш учун олиб бериш ҳақида талаб қилинган ҳолларда унга болани олиб бериш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисидаги масала муҳокама қилинади.

Ота-онанинг болаларига муносабатлари хусусиятларини ҳар тарафлама аниқлаш мақсадида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар, қоидага кўра, суд мажлисида жавобгарлар иштирокида кўриб чиқилади.

Мухтасар қилиб айтганда, судлар томонидан мазкур туркумдаги ишларни кўриб чиқиш жараёнида ҳар бир бола оилада яшаши, ўз ота-онасини билиши, ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши нуқтаи назаридан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш энг охирги чора эканлигини инобатга олишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Шерзод Элиев,Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan