ХАБАРЛАР

КАДАСТР СОҲАСИДА ЯНГИЛИК: ЕР АЖРАТИШ ҲАҚИДА ҚАРОРИ БЎЛМАГАН ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ИШЛАРИ ЯКУНЛАНАДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 18.10.2022 йилдаги «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ҳисобини юритишда шаффофликни таъминлаш, шунингдек, кадастр соҳасидаги айрим маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ВМ-610-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур Қарорга асосан “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридаги очиқ маълумотларни Миллий географик ахборот тизими орқали тақдим этиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Ушбу Низомга кўра қуйидагилар белгиланган:

  • очиқ маълумотларни давлат бошқаруви органлари, жисмоний шахслар, хўжалик бирлашмалари ва бошқа юридик шахсларга тақдим этиш тартиби;
  • очиқ маълумотларни тақдим этиш шартлари ва муддатлари;
  • очиқ маълумотлар учун тўловларни амалга ошириш тартиби;
  • оммавий геопортал операторининг вазифалари.

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан Кадастр агентлиги Миллий геоахборот тизимида очиқ маълумотлар асосида оммавий геопортали ишга туширилади.

Кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ишлари фақат ахборот тизими орқали электрон тарзда амалга оширилади. Давлат кадастрларини юритувчи ваколатли органлар 2022 йил охирига қадар ўзларининг маълумотлар базалари ахборот тизимига тўлиқ интеграция қилинишини таъминлайдилар.

2024 йил 1 январга қадар давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари амалда фойдаланиб келаётган, бироқ ер ажратиш ҳақида қарор қабул қилинмаган ер участкаларини расмийлаштириш ишларини якунлашлари керак.

Малака шаҳодатномасига эга бўлган кадастр муҳандислари ахборот тизимидан фойдаланилганлиги учун ҳар ойда 1 БҲМ миқдорида тўловни амалга оширади.

Очиқ маълумотлар оммавий геопортал орқали давлат бошқаруви органларига бепул, жисмоний шахслар, хўжалик бирлашмалари ва бошқа юридик шахсларга эса тўлов эвазига тақдим этилади.

Фойдаланувчилар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридаги ер участкасининг кадастр рақами, унинг манзили ва ундан фойдаланиш мақсади тўғрисидаги маълумотларни бепул олиши мумкин.

Мазкур ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий маълумотлар базасида эълон қилинган ва 19.10.2022 йилдан кучга кирган.

Ф.Хуррамов, Олтинсой туман Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази директори

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan