Uncategorized

ЧЕТ ТИЛИНИ БИЛИШ ДАРАЖАСИНИ АНИҚЛАШ БЎЙИЧА ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ КЎРСАТИШНИНГ МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2022 йил 16 февралдаги «Чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарорига асосан, 2022 йил 1 мартдан бошлаб чет тилини билиш даражасини аниқлаш, малака сертификати ёки маълумотнома олиш учун тест синовида қатнашиш бўйича мурожаатларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Малака имтиҳонининг ўтказиш муддатлари ваколатли орган томонидан белгиланади ҳамда ЯИДХПга киритиб борилади.

Талабгор сўровномани тўлдириш жараёнида ваколатли орган томонидан ўтказилиши белгиланган чет тиллари доирасида малака имтиҳони кунини танлайди.

Талабгор мустақил равишда ушбу Регламентга мувофиқ шаклдаги сўровномани ЯИДХП орқали электрон равишда тўлдиради. Талабгордан сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

Талабгорга сўровнома расмийлаштирилганидан сўнг ваколатли орган томонидан ЯИДХП орқали тест синовидан ўтиш қоидалари тўғрисидаги эслатма берилади.

Талабгорнинг сўровномасида унинг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Сўровномада талабгор электрон манзилининг кўрсатилганлиги унинг сўровнома бўйича қабул қилинган қарор, малака имтиҳони натижалари юзасидан апелляция хулосаси ҳақида ахборот тизими орқали хабарнома олишга розилигини англатади.

Талабгорлардан сўровномасидаги ҳужжатлардан бошқа қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайди.

Чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгордан:

малака сертификати учун — ариза берилган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг бир ярим баравари миқдорида;

маълумотнома учун — ариза берилган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Бунда, давлат хизмати кўрсатилиши учун рўйхатдан ўтиш ЯИДХП орқали амалга оширилганлиги сабабли талабгордан белгиланган тўлов миқдорининг 90 фоизи ундирилади.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур давлат хизматини кўрсатишда белгиланган тўловнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланилади.

Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишда уларни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган тўлов суммаси қайтарилмайди.

Сўровнома ЯИДХП орқали автоматик тарзда ваколатли органга юборилади. Малака имтиҳони учун талабгорларни рўйхатга олиш танланган ойнинг белгиланган имтиҳон санасидан камида ўн икки кун олдин якунланади.

Ваколатли орган малака имтиҳонига қўйиладиган талабгорларни ЯИДХП орқали ҳамда ахборот-коммуникация тизимидан фойдаланган ҳолда малака имтиҳонини ўтказиш жойи ва аниқ вақти тўғрисида малака имтиҳони санасидан уч кун олдин хабардор қилади.

Маълумотнома олиш учун малака имтиҳонлари йил давомида икки марта — апрель ҳамда октябрь ойларида ўтказилади. Талабгорлар малака имтиҳонлари учун йил давомида рўйхатга олинади. Талабгорларни рўйхатга олиш апрель ойида ўтказиладиган малака имтиҳони учун 31 март санасида, октябрь ойида ўтказиладиган малака имтиҳони учун 30 сентябрь санасида якунланади.

Ваколатли орган тест синовлари натижаларини улар якунланган кундан бошлаб бир ҳафтадан кечикмай Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида эълон қилади.

Ваколатли орган имтиҳон натижалари тўғрисидаги буйруқ чиқарилганидан бошлаб бир иш куни мобайнида малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган талабгорларга QR-код (матрик штрихли код) қўйилган сертификат ёки маълумотноманинг электрон шаклини шакллантиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди ҳамда талабгорга ЯИДХП орқали юборади, ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида юридик кучга эга бўлади.

Ж.Ишниязов, Олтинсой туман Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan