ЎЗБЕКИСТОН

ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ РАИСИ БИЛАН ОЧИҚ, ШАФФОФ ВА ДЎСТОНА МУЛОҚОТ БЎЛИБ ЎТДИ

Солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришда солиқ тўловчилар, хусусан тадбиркорлар билан бевосита мулоқотларнинг аҳамияти катта. Давлат солиқ қўмитаси Раиси Шерзод Кудбиев ҳудудларга чиққан ҳолда тадбиркорлар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганмоқда.

 Сурхондарёлик тадбиркорлар билан конструктив мулоқот тарзида ўтган учрашув иштирокчиларга фаолиятлари билан боғлиқ саволларига ойдинлик киритиш ва айрим муаммоларига жойида ечим топиш имконини берди.

Хусусан, солиқ қарздорлигини ва солиқ текширувлари натижасида қўлланилган молиявий жаримани йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш, эски даврлар учун хато юборилган электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн назорат касса машиналари чекларини тузатиш, солиқ имтиёзларининг ҳисобини юритиш мақсадида ишлаб чиқилган “E-imtiyoz” дастуридан мурожаат қилиш ва имтиёзлардан фойдаланиш билан боғлиқ мурожаатлар ижобий ҳал этилди ва бу масалаларни тизимли ҳал этиш топшириқлари берилди.

“Солиқ ҳамкор” орқали йўлланган мурожаатларга асосан молиявий жарима қўлланилган тадбиркорлик субъектларига ҳар бир сотилган маҳсулот ёки кўрсатилган хизмат учун харидор сўраши ёки сўрамаслигидан қатъий назар чек чиқариш (бериш) шартлиги тушунтирилди. Тадбиркорлик субъектлари  контрагентлар билан ўзаро муносабатда лозим даражада эҳтиёткор бўлишлари ва бунинг учун солиқ тўловчиларга ЭҲФ тизимида маълумот тарзида берилаётган бизнес ҳамкори ҚҚС гувоҳномасининг ҳолатига эътибор қаратишлари кераклиги айтиб ўтилди. Бундай эҳтиёткорлик кейинчалик юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди.

Солиқ соҳасини рақамлаштириш борасидаги изчил ишлар солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириб, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бевосита мулоқотда тадбиркорлар томонидан солиқ ходимлари устидан тушган шикоятлар тезкорлик билан ўрганилиб, ўз хизмат вазифасини бажаришда хатолик ва сусткашликка йўл қўйган солиқ ходимларига нисбатан жазо чоралари қўлланилди ва давлат идоралари биринчи навбатда халққа хизмат қилиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Давлат солиқ қўмитаси Раиси Термиз туманидаги “Termez National Carpets”, Музработ туманидаги “Алпомиш Сервис Инвест” ҳамда “ASIA KSP SIFAT» корхоналарида ҳам бўлиб, тадбиркорларнинг фаолиятлари билан яқиндан танишди. Уларнинг ишлаб чиқариш давомида дуч келаётган муаммолари ўрганилиб, ҳал этиш чоралари белгиланди.

Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ал-Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳидаги ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари учун молиявий ёрдам ажратиладиган бўлди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan