ЎЗБЕКИСТОН

Мавзули сўровларни ижро этиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.09.2021 йилдаги  «Архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида «ги  597-сонли Қарори билан Мавзули сўровларни ижро этиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг Маъмурий регламенти қабул қилинган.

Мазкур Регламентга асосан, жисмоний шахсларга (ариза берувчи) мулкий ҳуқуқлар, турар жойлар, алоҳида фактлар, воқеалар тўғрисидаги маълумотномани бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш тартибини белгиланган. Ушбу давлат хизмати Давлат хизмати давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали давлат архивлари томонидан кўрсатилади.

Бунинг учун ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиши учун давлат хизматлари марказига ўзи ёки унинг ишончли вакили келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХПдан рўйхатдан ўтади.

Ариза берувчи ўзи ёки ишончли вакили келиб мурожаат этган тақдирда, давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса – мустақил равишда ушбу Регламентга  мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради.

Ариза берувчи сўровномага:

  • ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилаётганда — ишончнома нусхаси;
  • ариза берувчи ворислик ҳақидаги гувоҳномага асосан меросхўр бўлганда — ворислик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, ариза берувчи қонуний вакил бўлса — уни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
  • сўралаётган ҳужжатнинг нусхаси (агар мавжуд бўлса);
  • мазкур Регламентда белгиланган чегирмалардан (имтиёзлардан) фойдаланиш учун тегишли ҳужжатлар илова қилинади.

Ариза берувчи тақдим этган ҳужжатлар нусхалари давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан уларнинг асл нусхаларидан олиниши ёки ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, ҳужжатлар нусхаси ариза берувчи томонидан мустақил илова қилиниши лозим.

Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (ЭРИ, дактилоскопия, электрон имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.

Ариза берувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этган тақдирда, унинг сўровномаси давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг 10 дақиқа мобайнида, ЯИДХП орқали мурожаат этганда — автоматик тарзда тегишли давлат архивига электрон шаклда юборилади.

Сўровномада сўралаётган маълумотлар тегишли давлат архивида мавжуд бўлмаганда, сўровномани қабул қилган архив 2 иш куни мобайнида маълумот сақланаётган давлат архивини аниқлайди ва сўровномани тегишлилиги бўйича давлат архивларига юборади.

Тегишли давлат архиви сўровнома тушган вақтдан бошлаб мавзули сўровнома бўйича 20 иш кундан ошмаган муддатда тегишли QR-кодли (матрик штрихли код) маълумотномани шакллантиради ҳамда (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) тегишли давлат хизматлари марказига ёки (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади. Бунда тўланган йиғим, агар мавжуд бўлса, банк хизмати тўловини айирган ҳолда, сўровномани қабул қилган архивдан сўровномани бажарган архивга ўтказилади.

Сўровнома архив ҳужжатлари асосида кўриб чиқилиб, тегишли маълумот аниқланмаган тақдирда, тўланган йиғим миқдори ариза берувчига қайтарилмайди.

Ариза берувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилган тақдирда, унинг сўровига кўра давлат хизматлари маркази унга маълумотномани электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этиши мумкин.

А.Мирзаев, Олтинсой туман Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази етакчи мутахассиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan