ЎЗБЕКИСТОН

ФУҚАРОЛАР ВА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ҲУҚУҚЛАРИНИНГ САМАРАЛИ ҲИМОЯ ЭТИЛИШИ ЮЗАСИДАН ИСЛОҲОТЛАР

Ҳеч кимга сир эмаски кейинги беш йилликда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўтказилаётган ислоҳотлар янада жадаллашди.

Ушбу йўналишда 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилиниб, улардан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда суд тизимини демократлаштириш, судлар фаолияти шаффофлигини, судларнинг халқчин ва очиқ бўлишини таъминлашга, аҳоли билан мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга қаратилмоқда.

2021 йил 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг иноугурация  маросими бўлиб ўтди.  Ушбу маросимда нутқ сўзлаган давлатимиз раҳбари мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш таклифини берган эди.

Шунингдек, келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилишини, суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратиш зарурлигини, бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда унинг иқтисодий равнақига хизмат қилишини айтган эдилар.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай туриб, муҳтарам Президентимизнинг 2022 йил 29 январь куни “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга кўра, маъмурий судларнинг асосий вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши қайд этилди.

Шунингдек, ваколатли идораларга давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган бир қатор тартибларни процессуал қонун ҳужжатларига киритилишини таъминлаш топширилди.

Яъни, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш, бунда судга ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш;

-ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш;

-маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш;

-оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш.

-тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш;

-давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш;

-давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;

-давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш каби тартибни процессуал қонунчиликка киритиш бўйича топшириқ берилди.

Шунингдек, эндиликда судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш;

-маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгилаш;

-бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришни тақиқлаш каби қонун нормасини жорий этиш белгиланди.

Келгусида ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади ҳамда асосийси ушбу ўзгартишлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари муҳофазасини кучайтириш, ишларни судларга кўриш сифатини оширишга, суд қарорларининг ўз вақтида ижро этилишига хизмат қилади

Н.Эргашов,Сурхондарё вилоят суди девонхона катта консультанти

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan