ДУНЁ

14 октябр куни Астанада МДҲ давлатлари раҳбарлари учрашади

Қозоғистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги доирасида 14 октябр куни Астанада Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев бошчилигида МДҲ давлатлари раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши ҳамдўстликнинг олий органи бўлиб, унда ташкилот фаолиятининг асосий масалалари муҳокама қилинади ва ҳал қилинади. МДҲ саммити Қозоғистоннинг ушбу ташкилотга раислиги доирасидаги асосий тадбирлардан бири бўлади. Ушбу муҳим тадбирда пандемиядан кейинги даврда биринчи марта барча МДҲ давлатлари раҳбарлари офлайн режимда иштирок этадилар»

– деди Айбек Смадияров вазирликда ўтказилган брифингда.

Тадбирда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия, Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон раҳбарлари, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби иштирок этиши кутилмоқда.

Саммитда сўнгги йилларда МДҲ тармоқ тадбирларида иштирок этишни тўхтатган Украина вакили бўлмайди.

Шунингдек, Молдова раҳбари бандлиги сабабли қатнаша олмайди.

«Тадбир давомида ҳамдўстлик соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда интеграция алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатларни кўриб чиқиш ва қабул қилиш режалаштирилган. Хусусан, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида давлатлар раҳбарлари 2023-2025 йилларга мўлжалланган терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорликнинг навбатдаги дастурини тасдиқлайдилар», — деди Айбек Смадияров.

Интеграциявий ҳамкорликда маданий компонентнинг алоҳида ролини ҳисобга олган ҳолда, давлат раҳбарлари Қозоғистон ташаббуси билан маданият соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида баёнот қабул қилишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, сайлов органлари тармоғи ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича ҳамкорликни назарда тутувчи бир қатор халқаро шартномалар имзоланади.

«Бундан ташқари, саммитда 2023 йилда МДҲга раисликни Қирғизистон Республикасига топшириш тўғрисида қарор қабул қилиш ва Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишини Бишкекда ўтказиш режалаштирилган. Давлат раҳбари мамлакатнинг МДҲга раислик фаолиятини сарҳисоб қилиши кутилмоқда», — деди расмий вакил.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan