ЖАМИЯТ

Мантиққа қачон тушунамиз?

Самарқанд деганда юртдошларимиз ҳам, чет элликлар ҳам оғзидан бол томиб гапиришади. Айниқса оҳирги пайтларда Самарқандни ҳақиқий “рўйи заминни сайқалига” айлантириш ҳамда чет эллик ва маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш бўйича нафақат Республикада, балки Ўрта Осиёдаги етакчи туристик марказлардан бирига айлантириш мақсадида давлат сиёсати даражасида жуда катта амалий ишлар олиб борилмоқда. Бунга шак-шубҳа йўқ!

Бизни бошқа нарса ўйлантирмоқда.

Бутун дунёда музейлар, тарихий обидаларга кириш, улардан фойдаланиш пуллик. Омалекин уларга олиб борувчи йўллар, майдонлар бепул, тўсиқлар йўқ! Баъзи тарихий обидаларнинг ички қисмида ёки уларга туташ ҳудудларда савдо ва хизмат кўрсатиш пунктлари ташкил этилган. Уларда ҳам савдо ва хизматлар пуллик. Омалекин уларга ҳам олиб борувчи йўллар, майдонлар бепул, тўсиқлар йўқ!

Савол: Нима учун Регистон майдонига кириш пуллик? Регистон майдонида Шердор, Тилла қори ва Улуғбек мадрасалари савлат тўкиб турибди. Уларни очиқ осмон остидаги музей десак ҳам бўлади. Омалекин уларнинг барчасида савдо дўконлари ишлаб турибди. Айтайлик, Шердор мадрасасидаги дўконлардан бирида савдо қилмоқчи бўлсангиз олдин Регистон майдонига кириш учун пул тўлаб қўясизда кейин ўтасиз. Ахир бу ҳар қандай савдо қоидаларига зидку! Буни ҳатто энг нўноқ савдогар ҳам яхши билади.

Эсингизда бўлса нолинчи йилларгача бизда бозорларга кириш ҳам пуллик эди. Ёки яқин тарихимизда «Тошкент сити»га киришни ҳам пуллик қилиб қўйишган эди. Оҳири бутун жамоатчилик айюҳаннос солганидан кейин зўрға киришни бепул қилиб қўйишди.

Нима учун биз хатолардан сабоқ чиқармаймиз? Битта хатони қайта ва қайта қилаверамиз? Регистон майдонига киришни пуллик экани нафақат кулгили, балки уят ҳам. Бу худди кўприк қуриб ундан ўтишни пуллик қилиб қўйгандек гап. Ёки бусиз бюджет камайиб қоладими?

Балки Мустақиллик майдонига, А.Темур ҳиёбонига ҳам киришни пуллик қилиб қўярмиз? Ахир бу ерларга ҳам одамлар оқиб келишадику! Биз тушунтира олмаган бўлсак, иқтисодчи Отабек Бакировдан маслаҳат олишни тавсия қиламиз. Бу масалани соҳа вакиллари, тегишли мутасаддилар ўйлаб кўришади деган умиддамиз.

Бизнингча, мантиқ фанини мактабдан бошлаб барча таълим муассасаларида мажбурий фан қилиб ўқитиш керак. Зора келажак авлод мантиқий фикрлайдиган бўлса.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan