ЖАМИЯТ

Ҳуқуқий маданият пулга сотилади…ми?

Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши кўп жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятига боғлиқ. Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва бурчларини пухта билиши, буни ҳаётий эҳтиёж сифатида англамоғи лозим. Фуқароларда ҳуқуқий маданият ривожланмас экан, жамиятда ёз-ёзлар авж олиб, аризабозлик урчийверади.

Сўнгги вақтларда юртимизда турли идоралар мутасаддилари ёки баъзи шахсларнинг фуқароларни ҳуқуқларини камситишига оид турли хабарлар тарқалмоқда. Бунинг асл сабаби одамларда ҳуқуқий билим етишмаслигига бориб тақалади.

Куни кеча ижтимоий тармоқда тарқалган видеони кўришга чоғландим. Кўринишидан одмигина кийинган аёлга атрофдагиларнинг гап-сўзи, фикр-мулоҳазалари кор қилмасди. Янги қурган уйининг ҳеч қандай сабабсиз бузилаётганини кўзида ёш билан изоҳларди. Ушбу видеони томоша қилганларнинг барчаси давлат бошқарув тизими ҳақида салбий фикрини ёзиб қолдиришга шошилади. Аммо аёл қандайдир ноқонуний ишга қўл ургандирки, унга нисбатан чора кўрилаяпти деган гап ҳеч кимнинг хаёлига келмайди?! Аслида-чи…

Ҳолат ўрганилгач, барчасига ойдинлик киритилди. Маълум бўлишича, аёл фермер билан тил бириктириб, хўжалик ҳисобида турган ерни ноқонуний равишда ўзлаштириб олган экан. Унинг ерга эгалик қилиш бўйича ҳеч қандай асоси бўлмаса-да, фермернинг гапига ишониб, уч хонали уй қуриб олгани аниқланди.

Уй – ҳар бир инсоннинг ватани. Инсон хотиржам яшаши учун макон. Уйи бор одам келажакка ишониб, бемалол умргузаронлик қилади. Шунинг учун уйни бузиш ҳар бир виждони уйғоқ инсон учун жуда оғир юмуш. Бундай вазият кишидан сабр, матонат, ирода талаб этади. Шу боис ҳар бир фуқаро уй қуришда қонун талабига риоя этиши керак. Агар қуриб олай, кейин бир гап бўлар деган ўйда бўлсангиз мушкул вазиятда қолишингиз тайин. Келтириб ўтганимиздек, ўйламай қилинган иш инсонга ташвиш келтиради.

Яқинда бир фуқаро ташкилотимизга жуда серқатнов бўлиб қолганини кўриб, уни қийнаётган муаммо билан қизиқдим. У ўзини жабрдийда қилиб кўрсатишга ҳаракат қиларди.

– Синглим, 1999 йилдан буён фойдаланиб келган томорқамни ўз номимга ўтказиб олиш учун 2018 йилда қилган мурожаатимга ҳалигача жавоб ололмайман. Мутасаддилар эрта келинг, индин келинг деб сарсон қилгани-қилган. Мана уч йилдирки, муаммом ҳал этилмайди.

Унинг қўлидаги ҳужжатлар билан бирма-бир танишиб чиқдим. Ўтган уч йил давомида бир хил мазмундаги ариза туман ва вилоятдаги 12 та мутасадди ташкилот раҳбарларига, қолаверса, Президент қабулхоналаригача юборилган. Унинг ҳар бир хатига «Сиз ўтган йиллар давомида давлатга солиқ тўламай, ўз манфаатингиз учун фойдаланиб келган ер фермер хўжалигининг балансида турибди. У ердан ноқонуний фойдаланиб, узоқ йиллар давомида даромад олиб келгансиз. Мазкур ер уй қуришингиз учун сизга берилмайди», деган мазмунда жавоб хати келган. Қўлимдаги жавоб хатларини кўрсатганимда мурожаатчи «Бу мурожаатимга муносиб жавоб эмас. Менинг мурожаатим ижобий ҳал этилсагина, ёзишдан тўхтайман. Ижобий ечим топилмагунча ёзавераман. Кимгадир “пора” бермаганим учун мурожаатимни ижрбий ҳал қилиб беришмаяпти. Айримлар “лойи”ни бергани учун уйини хужжатини тайёрлаб беришяптику. Айтинг, мен ҳам ўшаларга айтган пулини бераман. Фақат қурган уйимни номимга ўтказиб беришса бўлди» деб яна бир даста қоғозни менга узатди. Унда бу одамга кимдир уй қуриши мумкинлиги тўғрисида қандайдир идоранинг хулосасини тайёрлаб берган ва бу Давлат хизматлари агентлиги орқали амалга оширилганини айтиб, ундан бир миллион 200 минг сўм пул ҳам олган. Эндиликда бу фуқаро сарсон. Лекин кимнинг айби билан шу ҳолатга тушган – буни ўзингиз англадингиз.

Айни пайтда шунга ўхшаб кўчадаги «ҳожатбарор»ларнинг ёлғонига учганлар кўпайиб бораяпти. Газета, китоб ўқимайдиганлар, ўзининг ҳуқуқий онгига бефарқ инсонлар шу кўйга тушади.

Хулоса қиладиган бўлсак, фермер хўжалигининг балансида турган ердан йиллар давомида солиқ тўламай, ноқонуний равишда фойдаланиб келган фуқаронинг аризаси ижобий ҳал этилиши мумкинми?!

Яқинда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун қурилган янги уйлардан бирига муносиб деб топилган фуқаролардан бири қўлидаги сертификат билан эшик қоқиб келаркан, салом-аликни ҳам насия қилиб, «Бизга берилган уй Президент совғаси бўлса, нега унинг учун пул тўлашимиз керак?» дея сўз бошлади. Қўлидаги ҳужжатлардан бирига кейинги тўловларни ўзим тўлаб бораман деб қўл қўйган бўлса, яна бирида банк билан кейинги тўловларни ўзи амалга ошириши тўғрисидаги шартномага имзо қўйган. Маълум бўлишича, ногиронларга берилган уйларнинг бошланғич тўловини давлат тўлаб берган. Қолганини ўзлари тўлаб боришлари белгиланган. Бироқ ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги бу ҳолатни тўлиқ тушуниб олишга халал берган.

Ҳозирги вазиятда иморат тиклашнинг ўзи бўлмайди. Пул сарфлаб уй қуришга киришишдан олдин унинг заминини (ҳужжатларини) мустаҳкамлаб олиш учун катта билим ҳам, заковат ҳам талаб этилмайди, инсонда ҳуқуқий онг шаклланган бўлса кифоя.

Бу ҳақда гап кетганда яна бир омилни келтириб ўтиш жоиз. Ерларни ноқонуний эгаллаб олаётган фуқароларнинг кўпайишига ўша ердаги мутасаддиларнинг бефарқлиги, ўз вақтида тўғри маслаҳат бермасдан, ноқонуний ҳаракатларга панжа орасидан қарагани ҳам сабаб бўлган. Ҳатто айрим мутасаддиларнинг ўзлари ўша ноқонуний ишларга бош-қош бўлаётгани ғалвир сувдан кўтарилганда маълум бўлаяпти.

Мақсадимиз бировни оқлаш ёки қоралаш эмас. Аксинча, ҳаётда, кўз ўнгимизда бўлаётган воқеаларни таҳлил қилиб, ҳамюртларимизга масъулиятини эслатиб қўйиш.

Нигина ШОЕВА,

журналист

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan