ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиевни судга беришди

Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев шеърдан рухсатсиз фойдалангани учун муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбланмоқда.

Фарғона вилоят адлия бошқармасининг маълумот беришича, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Беҳзод Фазлиддин ариза билан мурожаат қилиб, хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев ҳеч қандай рухсат олмасдан шоирга тегишли «Кутмаган кунларим, кутган кунларим» тўпламидаги «Балосиз – гўёки ғамимни ейсиз» деб бошланувчи «Айёр дўстларим» шеъридан фойдаланиб қўшиқ ижро қилган.

Маълум қилинишича, бу ижод намунаси ижтимоий тармоқларда тарқалган, тўйларда фаол ижро қилинган. Шоир Б. Фазлиддин Фарғона вилоят адлия бошқармасидан бузилган муаллифлик ҳуқуқларини тиклаб беришни, хонандага нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мурожаат тегишли тартибда ўрганилди. Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судининг қарорига асосан, хонанда муаллифлик ҳуқуқбузарлиги содир этилганлик факти тасдиқланди. Унга нисбатан маъмурий жарима жазоси тайинланди.

Шоир Б.Фазлиддин фойдасига эса Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг ҳал қилув қарори эълон қилинди.

Унга кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг 80 баробари, яъни 24 млн. сўм товон пули, 2 млн сўм маънавий зарар, жами 26 млн. сўм ундириб берилди ва хонанда Ж.Аҳмадалиев томонидан ижро этилган «Айёр дўстларим» номли қўшиқни ижтимоий тармоқлардан олиб ташлаш мажбурияти юклатилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan