ЖАМИЯТ

Адлия кўмагида кутубхоначига “чанг пули” тўлаб берилди

Фарғона вилояти Учкўприк туманида истиқомат қилувчи Сожида Раҳмонова 30 йилдан буён мактабда кутубхоначи бўлиб ишлайди. Унинг айтишича, кутубхона билан бевосита ишловчиларга эски китоблар фонди билан ишлаганликлари учун халқ тили билан айтганда, қўшимча “чанг пули” тўлаб берилиши керак.

Бунинг учун ҳукуматнинг махсус қарори ҳам қабул қилинган. Амалда эса, йиллар давомида мана шу чанг пули кутубхоначиларга тўланмай келган.

Сожида Раҳмонованинг Учкўприк туман адлия бўлимига мурожаат қилишининг асосий сабаби ҳам шунда.  

– Илгарилари “чанг пули” тўлаб берилган. Бироқ негадир сўнгги йилларда бизларга берилган шу имтиёзли маблағ тўланмай қолди, – дейди Сожида Раҳмонова. – Чунки биласиз, минглаб эски ва янги китоблар сақланаётган кутубхоналарда чанг билан боғлиқ аллергик касалликлар келиб чиқиш эҳтимоли юқори.  Дўстларимнинг маслаҳати билан туман адлия бўлимига мурожаат қилдим. Буни қарангки, мурожаатим қонуний ва ижобий ечимини топди. 2021-2022 ўқув йиллари учун “чанг пули”ни тўлиқ олишга эришдик.  

Холинса Турғунованинг дадаси Зуҳра исмини яхши кўргани учун уни ёшлигидан “Зуҳра” деб чақиради. Бу эса бутун маҳаллада одатга айланади. Йиллар ўтиб Тошкент вилоятидан Учкўприк туманига келин бўлиб келган Холинса опанинг иккинчи исми ҳам ўзи билан бирга “келди”. Бироқ йиллар ўтиб нафақага чиқишга ҳужжат тайёрлаш жараёнида ана шу икки исм билан боғлиқ муаммолар юзага чиқди. Туман адлия бўлимига мурожаат қилган Холинса опанинг муаммолари суд тартибида ижобий ўз ечимини топди.  

–Дадам раҳматли Тоҳир ва Зуҳра фильмини жуда яхши кўрардилар. Шунинг учун мени ёшлигимда эркалаб негадир Зуҳра деб чақирган. Бу эса йиллар давомида оиламизда, қишлоқда одатга айланди, – дейди Холинса Турғунова. –1984-1997 йилларда ҳатто ҳужжатларга ҳам “Холинса” эмас, “Зуҳра”, деб ёзилган экан. Нафақага чиқишимда мана шундай муаммога учрадим. Хайрият, адлия вакиллари мурожаатимни суд тартибида ижобий ҳал қилиб берди.  

Адлия бўлимларининг энг асосий вазифаларидан бири – аҳолига ҳуқуқий кўмак бериш билан бирга, уларнинг ижтимоий ҳаётда бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонунан амалий ёрдам беришдан иборат. Биргина Фарғона вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида адлия органларига 5 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган ва жисмоний ва юридик шахсларга жами 4 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари ундириб берилган. Эътиборлиси, шу аризаларнинг 27 фоизи жойларда ташкил этилган сайёр қабуллар давомида иш юритувга қабул қилинган ва уларнинг қарийб 80 фоизи ижобий ҳал этилишига эришилган.  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan