ДУНЁ

Шри-Ланкада яна фавқулодда ҳолат жорий қилинди

Шри-Ланкада президенти вазифасини бажарувчи бош вазир Ранил Викрамасингхе мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари фонида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда Реутерсагентлиги тегишли фармонга таяниб, хабар бермоқда.


Фавқулодда ҳолат “жамоат хавфсизлиги, жамоат тартибини муҳофаза қилиш ҳамда жамият ҳаёти учун зарур бўлган таъминот ва хизматларни таъминлаш манфаатларини кўзлаб” жорий этилган.

Ўтган ҳафта, собиқ президент Готабая Ражапакса мамлакатни тарк этганидан сўнг ҳам Викрамасингхе фавқулодда ҳолат эълон қилган эди. Расмийлар аввалги фармонни қайтариб олганми-йўқми, унинг муддати тугаганми ёки Викрамасингхе 15-июл куни қасамёд қилганидан кейин фармонни қайта чиқаришга қарор қилганми, номаълум дейди агентлик.

Раждапаксанинг мамлакатни тарк этгани ҳақидаги хабарлар 12-июл куни пайдо бўлди, икки кундан кейин унинг истеъфоси расман қабул қилинди. Викрамасингхе собиқ президентнинг сафдоши ва доимий асосда давлат раҳбари лавозимини эгаллашга асосий даъвогар ҳисобланади. Бироқ, унинг тайинланиши янги тартибсизликларни келтириб чиқариши мумкин, чунки намойишчилар унинг ҳам кетишини талаб қилмоқда, деб таъкидлайди Реутерс. Викрамасингхе аввалроқ парламентдаги партиялар томонидан янги ҳукумат тузилганидан кейин истеъфога чиқишига ваъда берган эди.

Шри-Ланкада норозилик намойишлари иқтисодий инқироз фонида баҳорда бошланган. Апрел ойида расмийлар валюта етишмаслиги туфайли зарурий товарларни импорт қилиш билан боғлиқ муаммолар ортидан ташқи қарзни тўламаган. 9-июл куни намойишчилар давлат раҳбарининг расмий қароргоҳини эгаллаб олди, тартибсизликлар давомида ўнлаб одамлар яраланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan