ЖАМИЯТ

“Одам савдоси – давр муаммоси”

Бугунги кунда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ислоҳотлар жадал суръатлар билан амалга оширилаётган ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти, қолаверса ижтимоий фаоллиги ошиб бораётган бир пайтда, аҳоли ўртасида одам савдоси жиноятини содир этаётган ва бевосита мазкур жиноятнинг қурбонига айланаётган шахсларнинг учраб туриши барчамизни ҳушёрликка чақирувчи ва огоҳ бўлишга даъват этувчи ҳолат бўлиб ҳисобланади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси эски таҳрирининг
135-моддасида одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаганлик учун учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, унда асосан жиноий ҳаракат шаҳвоний ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш учун шахсларни алдаш йўли билан ёллашда намоён бўлар эди.

Бироқ, сўнгги пайтларда одамларни ёллаш бирмунча хавфли тус олиб, одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш, ҳаттоки мазкур ҳаракатларни шахсларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки чет давлатларда содир этилиши ҳолатлари кузатилганлиги қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритиш заруриятини келтириб чиқарди.

Шу мақсадда 2008 йил 17 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 4 боб, 17 моддадан иборат бўлиб, унда одам савдоси, одам савдосига қарши курашиш ҳамда одам савдоси билан шуғулланувчи шахс тушунчаларига таъриф берилиши билан бирга, одам савдосига қарши курашишнинг асосий принциплари, одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва одам савдосидан жабрланган шахсларни реабилитация қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб берилди.

Жумладан, Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, одам савдосига қарши курашиш – одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият;

одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади;

одам савдоси билан шуғулланувчи шахс – мустақил равишда ёки бир гуруҳ шахслар таркибида одам савдоси билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатни содир этувчи жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек ўз ҳаракатлари билан одам савдосига кўмаклашадиган, худди шунингдек гарчи ўз мансаб ваколатларига кўра тўсқинлик қилиши ва қарши курашиши шарт бўлса ҳам одам савдосига тўсқинлик қилмайдиган ёки қарши курашмайдиган мансабдор шахс.

Бундан ташқари, қонунда қонунийлик, одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги, одам савдосидан жабрланганларнинг камситилишига йўл қўймаслик ва ижтимоий ҳамкорлик одам савдосига қарши курашишнинг асосий принциплари сифатида эътироф этилган.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати;

→ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари;

→ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Одам савдосига қарши курашиш фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга ошириши мумкин.

Қонуннинг ижобий томонларидан бири шундаки, унда одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳар бир давлат органининг ваколатлари бевосита кўрсатиб берилган.

2008 йил 17 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунининг ижросини таъминлаш мақсадида 2008 йил 8 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-911-сон Қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор асосида Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси тузилиб, унинг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланди:

→ одам савдосига қарши курашиш соҳасида давлат органлари, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

→ одам савдосига имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил қилиш;

→ одам савдоси кўлами, ҳолати ва тенденциялари тўғрисида ахборот тўплаш ва таҳлил этиш;

→ ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш;

→ одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш ва ҳимоя қилиш ишларини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш ва бошқалар.

 Юқоридаги қонуннинг қабул қилиниши билан тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси ҳам Одам савдоси номи билан янги таҳрирда қабул қилинди ва модда диспозицияси мукаммаллаштирилиб, жазо чоралари бирмунча кучайтирилди.

Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ижтимоий жиҳатдан ўта хавфли бўлиб, аёллар ва ҳатто вояга етмаганлар ҳам мазкур жиноятнинг бевосита қурбонлари бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам одам савдосига қарши курашиш масаласига доимий равишда алоҳида эътибор қаратиб келади.

Хусусан, 2013 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинганлиги ҳам фикримизнинг ёрқин мисолидир.

Мамлакатимизда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан одам савдосига қарши курашиш борасида халқаро майдонда кўрилаётган чора-тадбирларга хамоҳанг равишда Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2019 йил 30 июль куни, яъни Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунида “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5775-сонли фармон имзоланди.

Мазкур фармон асосида Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди ва унинг таркиби тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси бевосита мазкур комиссиянинг раиси этиб белгиланди. 

Шунингдек, Миллий комиссия раиснинг ўринбосарлари ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири раҳбарлик қиладиган Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлик қиладиган Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиядан иборат бўлиши мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, фармон асосида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий маърузачи институти таъсис этилиб, унинг функциялари Миллий комиссия раиси зиммасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари зиммасига одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссияларга раҳбарлик қилиш вазифаси юклатилди.

Амалга оширилаётган барча чора-тадбирлардан кўзланган мақсад шахсларнинг одам савдоси қурбонига айланишининг олдини олиш ва мазкур фаолият билан шуғулланувчи шахсларнинг фаолиятига қарши курашиш ва унга чек қўйишдан иборат.

Чунки, одам савдоси жиноятининг бошқа жиноятларга нисбатан ижтимоий хавфи юқори эканлиги, унинг чегара билмаслиги, ўз домига аёллар, ожиз аҳволдаги шахслар ва ҳаттоки вояга етмаганларни тортишида намоён бўлади.

Бугунги кунда одам савдосига қарши курашиш барча фуқароларнинг бурчи ҳисобланади ва айниқса, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг ва давра суҳбатларининг ўтказилиши соҳада амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини оширувчи омил бўлиб ҳисобланади.

Зеро, ҳар бир ҳуқуқий демократик давлатда шахс, унинг ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланади ва унга даҳл қилувчи ҳар қандай ҳаракат ва шахсга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланиши лозим.


Асқар Мамараимов, Шеробод туманлараро иқтисодий судининг раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan