ЖАМИЯТ

ДАЪВО МУДДАТИ ТУШУНЧАСИ

Фуқаролик қонунчилигида фуқаролик ҳуқуқи субъектлари ҳуқуқларининг ҳар томонлама ҳимоя қилиниши кафолатланган. Жумладан, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилиш учун даъво муддати тушунчаси қўлланилган.

Даъво муддати субъектив фуқаролик ҳуқуқлари бузилганда белгиланган муддат давомида уларнинг ҳимоя қилинишини англатади. Фуқаролик кодексининг 150-моддасига кўра умумий даъво муддати уч йилдир.

Бундай муддатнинг ўрнатилиши суд амалиёти ва уни тартибга солиш учун муҳим ҳисобланади. Чунки, суд даъвони кўриш учун қабул қилишда даъво муддатига эътибор беради, агар ушбу муддат ўтиб кетган бўлса, уни қабул қилишни қонунан рад этишга ҳақли ҳисобланади. Демак, даъво муддати манфаатдор шахсларни ўз вақтида даъво қўзғатишга ундайди. Даъво муддати фуқаролар, юридик шахслар ўртасидаги мулкий муносабатларни тартибга солишга, молиявий ва шартнома интизомини мустаҳкамлашга, мажбуриятларнинг белгиланган вақтда бажарилишини таъминлашга, уларнинг бажарилиши бузилганида тегишли чораларни ўз вақтида қўллашга ёрдам беради.

Фуқаролик кодексининг 153-моддасига кўра,бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар, судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади.Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.

Фуқаролик кодексининг154-моддасига кўра, даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Бу қоидадан истиснолар ушбу Кодекс ва бошқа қонунлар билан белгиланади.Муайян ижро муддатига эга бўлган мажбуриятлар бўйича даъво муддати ижро муддати тамом бўлганидан кейин ўта бошлайди.Ижро этиш муддати белгиланмаган ёки талаб қилиш пайти ижро этиш муддати билан белгиланган мажбуриятлар бўйича даъво муддати кредиторда мажбуриятни бажариш тўғрисида талаб қўйиш ҳуқуқи пайдо бўлган вақтдан ўта бошлайди, борди-ю, қарздорга бундай талабни бажариш учун имтиёзли муддат берилса, даъво муддати имтиёзли муддат тамом бўлганидан кейин ҳисоблана бошлайди.Регресс мажбуриятлар бўйича даъво муддати асосий мажбурият бажарилган пайтдан ўта бошлайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига кўра, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Фуқаролик ҳуқуқи назариясига кўра, мулкдорнинг ўз мол-мулкига нисбатан бўлган ҳуқуқлари асосан икки хил фуқаролик-ҳуқуқий ҳимоя қилиш усули орқали муҳофаза этилади, яъни:

мол-мулкни бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга йўналтирилган виндикацион даъво орқали;

мулкдорнинг ҳуқуқларини эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳуқуққа хилоф хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилишга хизмат қилувчи негатор даъво орқали.

Мазкур ашёвий-ҳуқуқий даъволарга хос бўлган умумий хусусият шундан иборатки, бевосита бу даъволар орқали асл ҳолича сақланиб қолинган ашёга бўлган мулк ҳуқуқи ҳимоя қилинади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ этиш, уни изчил демократлаштириш ва либераллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Таъбир жоиз бўлса, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич демократлаштириш ва эркинлаштириш ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва модернизация қилиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган узоқ муддатли ва изчил ислоҳотларнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

Зухриддин Мавлонов,Сурхондарё вилоят суди судьяси   

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan